#расмий_муносабат
2025-12-20 16:35:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида жойлашган Шоҳи Зинда мажмуасининг кириш дарвозаси 36 сантиметрга оғгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги томонидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар натижасига кўра қуйидагилар маълум қилинади.
Айни пайтда кириш пештоқидаги оғиш ҳолатининг сабаблари аниқланмоқда. Ўрганишлар натижасида портал қисмининг юқори томони (тахминан 45–50 фоизи)ни қайта қуриш ёки девор конструксияларини мустаҳкамлаш орқали ҳолатни бартараф этиш зарурлиги аниқланган. Конструктор-лойиҳачи мутахассислар илмий асосланган ёндашув асосида обектни конструктив мустаҳкамлаш бўйича лойиҳа ечимларини ишлаб чиқмоқда.
Шу билан бирга, аниқланган ҳолат 2004-йилда мажмуа ҳудудида археологик қолдиқларни сақлаш ва тиклаш мақсадида олиб борилган қазиш ишлари ҳамда атрофдаги йўлда транспорт ҳаракатининг юқори даражаси туфайли юзага келган резонанс билан боғлиқ экани тасдиқланган. Ҳозирда лойиҳа-конструкторлар транспорт қатновининг таъсирини аниқлаш бўйича мониторинг олиб бормоқда. Натижалар асосида конструктив мустаҳкамлаш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилиши режалаштирилган.
Ҳар бир ҳолат Маданий мерос агентлиги масъуллари ва мутахассислар иштирокида ўрганилмоқда, жараёнда ёдгорликнинг техник ҳолати, конструктив мустаҳкамлиги ва тарихий-меъморий қиймати ҳисобга олинмоқда. Якуний хулосалар асосида портал қисмидаги мавжуд ҳолатни бартараф этиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирлар белгиланиши ва ишлар Агентлик назорати остида амалга оширилиши маълум қилинади.
Шунингдек, Маданий мерос обектларини реставратсия қилиш дирексияси тизимида республика бўйлаб 11 та минтақавий реставратсия маркази фаолият юритиб, уларда 250 нафарга яқин малакали уста-реставраторлар маданий мерос асраб-авайлаш ва тиклаш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда.
