#РАСМИЙ_МУНОСАБАТ
2025-12-14 17:15:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 14 декабрь куни ижтимоий тармоқда “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлиги ҳолатига оид мурожаат қилинган. Маданий мерос агентлиги мазкур ҳолатни чуқур ўрганиб чиққан ҳолда қуйидагиларни маълум қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 майдаги “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–261 сон қарорининг 8-иловаси 3-бандига асосан “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлигини музейлаштириш вазифаси белгиланган. Мазкур топшириқ ижроси доирасида Фанлар академияси Миллий археология маркази илмий ходими, археолог Й.Гордиевага Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлигида археологик қазув ишлари олиб бориш учун 303-сонли рухсатнома расмийлаштирилган. Олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида тегишли археологик хулосалар шакллантирилган.
Маданий мерос агентлиги (буюртмачи) ҳамда “Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларининг мастер-режалари бўйича лойиҳалаштириш институти” давлат муассасаси (лойиҳачи) ўртасида 2022 йил 13 сентябрда “Чилонзор Оқтепаси” маданий мерос объектида асрашга доир реставрация, таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда муаллифлик назоратини олиб бориш бўйича 96-сонли шартнома имзоланган. Шартноманинг 1-иловаси 56-бандига мувофиқ лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 78 890 964,40 сўм маблағ талаб этилиши белгиланган.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги “Чилонзор Оқтепаси” маданий мерос объектига оид лойиҳа-смета ҳужжатлари Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармасининг 2023 йил 20 апрелдаги 300-сонли хати асосида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига киритилган. Илмий-эксперт кенгашининг 2023 йил 20 апрелдаги 5-сонли йиғилишида лойиҳа дастлабки тартибда кўриб чиқилиб, археологик тадқиқотларни 6 та 2х2 метр майдонда стратиграфик шурф ёки траншея тушириш орқали олиб бориш, тадқиқотлар якунига кўра ҳудудни 3D панжара билан ўраш ҳамда белгиланган ишлар амалга оширилгандан сўнг лойиҳани давом эттириш шартлари билан маъқуллаш тавсия этилган. Мазкур шартлар бажарилганидан сўнг “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлигини асрашга доир ишлар лойиҳаси Илмий-эксперт кенгашининг 2023 йил 28–29 сентябрдаги 18-сонли йиғилишида кўриб чиқилиб, лойиҳа муаллифи ҳамда ҳудудий маданий мерос бошқармаси назорати остида амалга ошириш шарти билан маъқулланган.
Шундан сўнг, “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизаси” давлат унитар корхонаси томонидан 2023 йил 24 октабрда берилган тегишли йиғма эксперт хулосасига асосан, “Чилонзор Оқтепаси” объектини таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича лойиҳа қиймати жами 132 092 691 минг сўм (ҚҚС билан) этиб белгиланган. Маданий мерос агентлигининг “2024 йилда реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга ошириладиган маданий мерос объектлари ва давлат музейларининг манзилли рўйхати”га мувофиқ, 2024 йилда “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлигини реставрация ва консервация қилиш ишлари учун 40.0 млн сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Маданий мерос агентлиги ҳамда “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси” давлат муассасаси ўртасида 2023 йил 22 ноябрда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Чилонзор Оқтепаси” археология объектида реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш бўйича пудрат шартномаси имзоланган бўлиб, шартнома қиймати 126 355 106 сўмни ташкил этган. Ушбу шартномага 2024 йил 28 мартдаги қўшимча келишувга асосан, 2023 йилда 90 139 716,90 сўм, 2024-йилда эса 36 215 389,10 сўм маблағ молиялаштирилиши белгиланган. Бундан ташқари, “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлиги атрофини ободонлаштириш ва ҳудудни девор билан ўраш бўйича лойиҳа ҳужжатлари 2025 йил 24 январда Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси томонидан Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилган. Мазкур лойиҳа Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2025 йил 7 февралида имзоланган 2-сонли йиғилиш баёнининг 1-масаласида Миллий археология маркази мутахассисларини жалб этган ҳолда амалга ошириш шарти билан маъқулланган.
Бугунги кунга қадар мазкур объект бўйича жами 100 155 241 сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 3D панжара билан ўраш ишлари доирасида 126,355 млн сўмлик ишлар амалга оширилган. Шунингдек, объект атрофида амалга оширилган ободонлаштириш ва девор билан ўраш ишлари Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги ҳамда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан беғараз ҳомийлик маблағлари ҳисобидан бажарилган бўлиб, мазкур ишлар ёдгорликни муҳофаза қилиш ва ҳудуд хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Юқоридаги маълумот ва ҳужжатлар “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлиги ҳудудида олиб борилаётган ишлар белгиланган тартибда, ваколатли ташкилотлар ва мутахассислар иштирокида амалга оширилаётганини кўрсатади. Ёдгорликни сақлаш, муҳофаза қилиш ҳамда илмий асосда ривожлантириш ишлари Маданий мерос агентлиги ва ҳудудий бошқарма томонидан доимий назоратга олинган.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган VI–XII асрларга оид “Чилонзор Оқтепаси” археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октабрдаги 846-сонли қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.
