#расмий_муносабат
2025-12-24 16:05:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Маданий мерос тизимидаги бюрократия” сарлавҳали постда Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши фаолиятига доир билдирилган танқидий фикрлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Аввало, Маданий мерос агентлиги бирор вазирлик тизимига кирмаслиги ҳамда алоҳида давлат бошқаруви органи ҳисобланиши таъкидланади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 25-январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-14-сон Фармонига мувофиқ, Маданий мерос агентлиги алоҳида мақомга эга мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида белгиланган ва шунга кўра, Маданий мерос агентлиги маданий мерос соҳасида махсус ваколатли, мустақил давлат органи сифатида фаолият юритади. Шу боис, Агентлик фаолиятини “вазирлик тизимига бўйсунади” ёки “назорат қилинмайди” мазмунида талқин қилиш ҳуқуқий жиҳатдан асоссиздир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 20-майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 295-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигинингИлмий-эксперт кенгаши тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Мазкур Низомга мувофиқ:
• Илмий-эксперт кенгаши 9 нафар тарих, археология, меъморчилик, реставрация ва маданий мерос соҳаларида юқори малакага эга олим ва мутахассислардан иборат бўлиши;
• Кенгашга Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсинали Кузиев раислик қилиши;
• Кенгаш коллегиал, илмий-маслаҳат органи бўлиб, ўз фаолиятида илмий мустақиллик ва холислик тамойилларига амал қилиши белгиланган.
Шунингдек, юқоридаги қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ,
Илмий-эксперт кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
• моддий маданий мерос объектлари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларига илмий хулосалар бериш;
• алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, шунингдек, ЮНEСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар (ҳудудлар) бўйича амалга ошириладиган ишларнинг уларнинг умумбашарий бебаҳо қийматига салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш;
• ушбу ҳудудларда олиб бориладиган қурилиш-монтаж, реставрация ва ободонлаштириш ишларини қатъий илмий асослар асосида баҳолаш.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка мувофиқ Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши алоҳида коллегиал ва илмий-маслаҳат органи ҳисобланади. У мустақил қарор қабул қилиш ваколатига эга. Маданий мерос агентлиги директори ёки унинг раҳбарияти Кенгаш аъзоларига кўрсатма бериш, уларнинг илмий хулосаларига аралашиш ваколатига эга эмас. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 1-июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-177-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 20-майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 295-сон қарори билан қатъий белгиланган. Кенгаш аъзолари ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб, улар илмий хулосаларни мустақил ва коллегиал тарзда қабул қилади, имий хулосалар фақат қонун ҳужжатлари ва илмий мезонлар асосида берилади.
Постда кўрсатилган 140 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари асоссиз равишда кўриб чиқилмаётгани ҳақида билдирилган фикрлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, мурожаатлар мазмунига кўра ариза, шикоят ва таклиф турларига бўлинади.
Маълумот учун: Ариза — жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, муайян масалани ҳал этишда ёрдам сўраш, шунингдек, рухсатнома, хизмат кўрсатиш ёки маълумот олиш бўйича бериладиган мурожаат ҳисобланади. Шикоят — давлат органлари, ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни тиклаш талаби билан киритиладиган мурожаатдир. Таклиф — давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштириш, қонунчиликни ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳамда ташкилий масалалар юзасидан фикр ва ташаббусларни ўз ичига олган мурожаат шаклидир.
Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаатлар хат ва унга илова сифатида лойиҳа кўринишида тақдим этилади. Ўз навбатида, келиб тушган мурожаатларда кўрсатилган лойиҳалар оддий бино-иншоотлар лойиҳалари эмас, балки маданий мерос объектлари, умуман олганда тарихий бинолар ва уларнинг муҳофаза теграларида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалардир. Шу сабабли ушбу мурожаатларни оддий мурожаатлар билан солиштириш ёки таққослаш мақсадга мувофиқ эмас.
Маданий мерос объектларини реставрация қилиш, таъмирлаш-тиклаш ёки консервация қилиш юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўрганиб чиқиш нисбатан анча мураккаб жараён ҳисобланади ва ҳар бир лойиҳа алоҳида илмий асослар, чуқур таҳлилни талаб қилади.
Амалиётда айрим тақдим этилган лойиҳаларда маданий мерос объектларининг асллиги ва бебаҳо қимматига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жиҳатлар аниқланган, бу эса қўшимча илмий изланишлар ва муқобил ечимлар ишлаб чиқишни тақозо этади.
Ушбу лойиҳаларга тааллуқли ер майдонларининг аксарияти ЮНEСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий марказлар ҳудудларида жойлашган. Шу боис, ҳар бир лойиҳалаштирилган ер майдони бўйича археологик тадқиқотлар натижалари олиниши мажбурий ҳисобланади.
Бугунги кунда лойиҳаларда тақдим этилган ер майдонлари бўйича соҳа мутахассислари томонидан илмий ўрганишлар олиб борилмоқда ва мазкур ҳолатларга юзаки ёндашиш мумкин эмаслиги таъкидланади. Чунки айрим тақдим этилган лойиҳаларда:
• объектнинг келиб чиқиши, ёши, меъморий услуби ва тарихий функцияси тўлиқ ўрганилиши;
• архив ҳужжатлари, тарихий суратлар, чизмалар ва ёзма манбалар чуқур таҳлил қилиниши талаб этилади.
Шу боис, тарихий ёдгорликларга зарар етказмаслик, уларнинг асллиги ва бутлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида илмий ечимлар ишлаб чиқиш учун муддат кўп талаб қилиш зарурати юзага келмоқда.
Кўриб чиқилаётган мурожаатлар алоҳида илмий ёндашувни талаб этгани сабабли, уларни шошма-шошарлик билан кўриб чиқиш маданий мерос объектларига қайтариб бўлмас зарар етказиши мумкин.
Бугунги кунда Илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинган лойиҳалар бўйича илмий ва амалий ўрганиш ишлари якуний босқичга келган ва яқин муддатларда барча лойиҳалар бўйича Илмий-эксперт кенгашининг хулосалари белгиланган тартибда жамоатчиликка тақдим этилиши режалаштирилган.
Шу ўринда, Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашига лойиҳа тақдим этаётган жисмоний ва юридик шахслардан лойиҳаларни ишлаб чиқишдан аввал уларни пухта ва чуқур таҳлил қилиш, шунингдек, маданий мерос объектларининг ноёб архитектураси ҳамда тарихий-маданий аҳамиятига зарар етказмаслик масаласига масъулият билан ёндашишларини илтимос қилади.
Маданий мерос агентлиги тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда, миллий ва умумбашарий маданий меросни асраб-авайлашни устувор вазифа деб билади ҳамда бу борада очиқ ва конструктив мулоқотга тайёр эканини билдиради.
