Илмий-эксперт кенгаши навбатдаги мажлисида 150 га яқин масалаларни кўриб чиқади
2025-12-18 16:35:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2025-йилнинг 18–19 ҳамда 22–23-декабрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Кун тартибидан Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан тайёрланган таклиф ва лойиҳалар ўрин олган.
Йиғилиш доирасида ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ҳудудлар ва уларнинг буфер зоналарида режалаштирилган қурилиш ишлари ҳамда маданий мерос объектларининг фасад ва ички қисмларини таъмирлаш, реставрация ва консервация қилишга оид лойиҳалар муҳокама қилинади. Шу билан бирга, мажлис давомида монументал санъат ёдгорликларини маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритиш, объектлардан давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиш, уларни ижарага бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштириш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, кенгаш томонидан Андижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Наманган, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда турар ва нотурар жой биноларини қуриш каби лойиҳалар бўйича ҳам якуний хулоса берилади.
Илмий-эксперт кенгаши кун тартибидаги масалаларнинг тўлиқ рўйхати билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-сайтида танишиб чиқиш мумкин.
