#РАСМИЙ_МУНОСАБАТ
2025-12-12 17:00:00 / Янгиликлар

11 декабрь куни “Халқ назорати” каналида эълон қилинган “Маданий мерос обекти қайсидир бир амалдорнинг кўзига яхши кўриниб қолибди” сарлавҳали хабарда Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 8-уйда жойлашган “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ маъмурий биноси гўёки яширин тарзда хусусийлаштирилгани ва сотувга қўйилгани ҳақида иддао қилинган. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги мазкур ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
Обектнинг ҳуқуқий мақоми ва амалга оширилаётган таъмирлаш ишларига доир
Ўзбекистон Республикасининг 2001-йил 30-августдаги “Маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 20-моддаси 5-бандида “Моддий маданий мерос обектини ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш — моддий маданий мерос обектининг тарихий-бадиий қимматини асралишини ўзгартирмасдан унинг тарихий-маданий қимматга эга бўлган унсурларини таъмирлаш асосида ундан ҳозирги замонда фойдаланишга шарт-шароит яратиш мақсадида амалга ошириладиган илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи” моддий маданий мерос обектларини консерватсиялаш, тузатиш, таъмирлаш каби маданий мерос асраш чора-тадбирлари сифатида белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 20-майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 295-сон қарорига мувофиқ, маданий мерос обектларига оид таъмирлаш, реставратсия ва илмий-техник тадқиқот лойиҳалари фақат Илмий-эксперт кенгаши кўриб чиқиши ва маъқуллаши орқали амалга оширилади.
Мазкур обект бўйича қабул қилинган қарор ўрнатилган тартибларга риоя этилган ҳолда амалга оширилган, яъни 2025-йил 29-майда Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси томонидан обектнинг таъмирлаш лойиҳаси Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилган. Илмий-эксперт кенгашининг 2025-йил 22-сентабрда ўтказилган 16-сонли йиғилиш баёнида, мазкур бинонинг ташқи фасадини таъмирлаш лойиҳаси маъқулланган, бироқ дераза атрофида режалаштирилган архитектуравий элементлар ўрнатилмаслиги шарт қилиб белгиланган. Бу жараёнлар обектга доир таклиф ва тавсиялар очиқ, ҳуқуқий асосдаги экспертизадан ўтганини кўрсатади.
Таъмирлаш жараёнлари устидан назорат юритиш кимнинг зиммасида?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 15-октабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 649-сон қарорига мувофиқ, обектларда амалга оширилаётган таъмирлаш ишларининг сифати ва қонунийлиги устидан назорат иншоот жойлашган пойтахтимиз, яъни Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси зиммасига юклатилган.
Юқоридаги маълумот ва ҳужжатлар шуни кўрсатадики, мазкур обект сотувга қўйилмаган ва хусусийлаштирилмаган. Олимларнинг вақтинчалик кўчирилиши эса бинонинг техник ҳолати, хавфсизлик талабларини таъминлаш ҳамда таъмирлаш ишларига тайёргарлик кўриш мақсадида амалга оширилган. Бу маданий мерос обектларини таъмирлаш жараёнида қўлланиладиган белгиланган меъёрий тартиб ҳисобланади. Кўчириш жараёни обектнинг сотилиши билан боғлиқ эмас, балки қурилиш хавфсизлигини таъминлашга доир амалий чорадир.
Маданий мерос агентлиги қонунчилик доирасида фаолият юритишда давом этади ва миллий маданий меросимизни муҳофаза қилиш ҳамда сақлаб қолиш борасида ўз ваколатларини тўлиқ амалга оширади. Агентлик обектнинг тарихий-бадиий қиёфасини сақлаш ҳамда таъмирлаш ишлари сифатини таъминлаш бўйича доимий назоратни давом эттиради.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган XX асрларга оид “Пахтасаноат илмий маркази” АЖ маъмурий биноси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сонли қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган.
