Ўзбекистон Осиё маданий мероси алянси Кенгашига қабул қилиниб, “Чинортепа” учун 140 минг долларлик грант ажратилди
2025-12-02 09:35:00 / Янгиликлар

27 ноябрь куни Хитойнинг Чунсин шаҳри Осиё маданий мероси бўйича минтақавий ҳамкорлик учун муҳим майдонга айланди. Унда Осиё маданий мероси алянсининг II Бош ассамблеяси ҳамда III Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон номидан Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов иштирок этди.
“Бугунги мураккаб дунёда маданий меросни асраш — бу нафақат илмий масъулият, балки инсониятнинг умумий келажаги олдидаги бурчдир. Урбанизация, глобал технологияларнинг тараққий этиши ва экологик хавфлар ортиб бораётган шароитда маданий меросни авайлаб сақлаш барқарор ривожланиш сиёсатининг ажралмас қисмига айланмоқда.” – деди ўз нутқида Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов.
Шунингдек: “Осиё маданий мероси алянси ўзининг илмий алмашинув, тажриба бўлишиш ва ҳамкорлик платформаси сифатида бугунги эҳтиёжларга жавоб бераётган самарали институтдир. Ўзбекистон бу жараёнларда фаол иштирок этишга, ўзининг бой тарихий меросини Осиё цивилизациялари билан муштарак қадриятлар асосида келажак авлодларга етказишга қатъий интилади.” – дея якунлади Ўзбекистон номидан вакилимиз.
Ушбу йирик анжуманда Осиё минтақасида маданий меросни муҳофаза қилишнинг янги йўналишларини муҳокама этиш мақсадида 33 та давлат ва халқаро ташкилот вакиллари қатнашди.
Маълумот учун: Осиё маданий мероси алянси илк бор 2021 йил 27 октабр куни Хитойнинг Циан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё маданий мероси форуми доирасида Хитой ташаббуси билан ташкил этилган. Алянснинг асосий мақсади – Осиё мамлакатлари ўртасида маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий алмашинув, реставрация, консервация ва археологик тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни кучайтиришдир.Бугунги кунда: Осиёда маданий мерос соҳасидаги биринчи ва ягона ҳукуматлараро ташкилотнинг бош қароргоҳи Пекин шаҳрида жойлашган бўлиб, таркибида 24 та аъзо, ҳамкор ва кузатувчи давлат мавжуд. Шунингдек, унинг фаолияти Осиёдан ташқарига, яъни Африка, Европа, Лотин Америкаси ва Океания минтақаларигача кенгайган. Ўзбекистон Осиё маданий мероси алянси доирасидаги ҳамкорликка ва кузатувчилик мақомига 2023-йилда қабул қилинган. Алянс доирасида кадрлар тайёрлаш, реставрация ва консервация, археологик тадқиқотлар, илмий алмашинув ва кўргазма лойиҳалари бўйича амалий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Ассамблея доирасида Ўзбекистон учун муҳим қарор қабул қилинди — Сурхондарё вилояти Узун туманида жойлашган “Чинортепа” маданий мерос объектида археологик қазишмалар ўтказиш учун 140 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилди.
Мазкур маблағ ёдгорликнинг илмий тадқиқотларини чуқурлаштириш, янги топилмаларни аниқлаш ва халқаро археологик ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Йиғилишнинг яна бир муҳим натижаси — Ўзбекистоннинг ушбу алянс Кенгаши таркибига қабул қилиниши бўлди. Бу Ўзбекистоннинг маданий мерос соҳасидаги халқаро нуфузини оширади ҳамда минтақавий қарорлар ва стратегияларни шакллантиришда фаол иштирок этиш имконини беради.
Кенгашга қабул қилиниш Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда олиб бораётган маданий меросни муҳофаза қилиш борасидаги сиёсати, реставрация ишлари, археологик тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликдаги фаоллиги юқори баҳоланаётганидан далолатдир.
