Ичан-қалъа ақлли музей-шаҳарга айлантирилади
2025-11-26 16:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизнинг бой ва тарихий маданий меросини замонавий технологиялар ёрдамида кенг тарғиб қилиш мақсадида Хива шаҳридаги қадимий “Ичан-қалъа” музей-қўриқхонаси ақлли музей-шаҳарга айлантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Ичан-қалъа” аҳолисининг кундалик ҳаёти, савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ҳамда коммуникация тизими билан уйғунлаштирилган ҳолда қадимий Хиванинг тарихий руҳини сақлаган замонавий, иммерсив ва рақамли музей-шаҳарга айлантирилади. Сайёҳлар тарихий обидаларни нафақат кўриш, балки уларнинг тарихини чуқурроқ ҳис қилиш ва интерфаол тажрибалар орқали ўрганиш имконига эга бўлади.
Шу тариқа, лойиҳа нафақат Хиванинг тарихий меросини ҳимоя қилишга хизмат қилади, балки Ўзбекистон туризм инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқади ва халқаро майдонда рақобатбардош бўлиш имконини кенгайтиради.
