Ўзбекистон Давлат байроғининг 34 йиллиги кенг нишонланди
2025-11-18 17:10:00 / Янгиликлар

18-ноябрь Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган сана муносабати билан республика бўйлаб маънавий-маърифий, маданий ва ватанпарварлик руҳидаги кенг қамровли тадбирлар ташкил этилмоқда. Байрам дастури мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олиб, давлат рамзларига ҳурмат, эҳтиром ва юртга садоқат туйғусини янада кенг тарғиб этди.
Бухоро шаҳрида жойлашган тарихий “Арк қўрғони” майдонида ўтказилган байрамона фестивал ушбу куннинг бош тадбирларидан бири бўлди. Фестивал давомида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар, ижодий чиқишлар кенг жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинди. Сана муносабати билан “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси ходимлари ҳамда туманнинг 41 сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳамкорлигида “Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин!” мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди. Унда ёшлар давлат байроғининг яратилиш тарихи, ундаги ранг ва рамзларнинг мазмуни борасида ўз фикрларини билдирдилар.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида байроқлар автокарвони ўтказилиб, тадбир аҳолида катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар давлат байроғини нафақат рамз, балки бирлигимиз, тинчлигимиз ва ёруғ келажакка бўлган ишончимиз тимсоли сифатида қадрлаш лозимлигини таъкидладилар.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этаётган ушбу тадбирлар ёшлар онгида давлат рамзларига ҳурмат, ватанга садоқат ва миллий ғурур туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
