Самарқандда археологик ҳамкорлик бўйича халқаро семинар ўтказилди
2025-11-17 16:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 14-ноябрь куни Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд Археология институтида Корея Мерос агентлиги ҳамкорлигида халқаро семинар бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Самарқанд маданий-туристик ресурсларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш” ОДА лойиҳаси доирасида бир йил давомида амалга оширилган қўшма илмий-тадқиқот ишлари натижалари муҳокама қилинди.
2025-йил давомида Корея Мерос агентлиги ва Самарқанд Археология институти томонидан кенг қамровли илмий ва амалий фаолият олиб борилди. Жумладан:
– Самарқанд вилоятидаги бир қатор археологик ёдгорликларда ГПР (ер ости тадқиқоти), 3D сканерлаш ва ГИС (рақамли харита) технологияларидан фойдаланган ҳолда илмий тадқиқотлар амалга оширилди;
– ўзбекистонлик ёш мутахассислар учун техник ўқув курслари ташкил этилиб, улар замонавий ускуналар билан амалий ишлаш кўникмаларини эгалладилар;
– Археология институтида халқаро семинарлар ўтказилиб, Ўзбекистон, Корея, Қозоғистон ва Россия олимлари ўртасида тажриба алмашинуви йўлга қўйилди;
– маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва ҳужжатлаштириш бўйича ишлар амалга оширилди, Самарқанд вилоятининг бир нечта туманларининг археологик харитаси ишлаб чиқилди;
–соҳа вакиллари учун илк бор “Ёзги археологлар мактаби” ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида икки нафар ўзбекистонлик мутахассис Корея Миллий мерос университетида магистратура босқичида таҳсил олмоқда. Бу эса келажакда маҳаллий кадрларнинг малакасини ошириш, реставрация ва археология йўналишида янги авлод мутахассисларини тайёрлашга хизмат қилади. Тадбир якунида томонлар 2026-йилда ҳам илмий-археологик экспедицияларни кенгайтириш, янги технологияларни тадқиқот жараёнларига жорий этиш, қўшма нашрлар ва семинарлар сонини ошириш бўйича келишувга эришдилар.
Тадбир доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ёш мутахассислар учун сертификатлар топширилди. Ушбу семинар Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги археология соҳасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
