Бугун Илмий-эксперт кенгаши маданий мерос объектлари бўйича янги лойиҳаларни муҳокама қилади
2025-11-13 13:30:00 / Янгиликлар

Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши жорий йилнинг 13-ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган 16 та маданий мерос объекти бўйича таъмирлаш, тиклаш ва реставрация лойиҳалари муҳокамага қўйилади.
Ушбу йиғилишда масжид, мадраса, мақбара, карвонсарой, уй-музей ва археологик ёдгорликларни реставрация қилиш, уларни сақлаш, шунингдек, айрим объектларда музейлаштириш ва ободонлаштириш ишлари бўйича таклифлар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Муҳокамалар жараёнида ҳар бир лойиҳа бўйича тегишли ҳудудий бошқармалар ва лойиҳа муаллифлари томонидан тайёрланган дастлабки хулосалар асосида кўриб чиқилади.
Йиғилиш якунида маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш ва илмий асосда тиклаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади. Илмий-эксперт кенгашининг мазкур мажлиси кун тартибидаги масалаларнинг тўлиқ рўйхати билан Маданий мерос агентлигининг расмий веб-саҳифасида танишиш мумкин.
Маълумот учун, 2024-йилнинг 20-май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, Кенгаш ваколатлари доирасига моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулосалар беришга доир қатор вазифалар белгиланган.
