#РАСМИЙ_МУНОСАБАТ
2025-11-10 12:35:00 / Янгиликлар

Самарқанд шаҳар, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек кўчалари ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишлари юзасидан
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри марказида, хусусан Амир Темур ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида жойлашган ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ишлари юзасидан турли хабар ва фикрлар тарқалмоқда. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қиламиз.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2015-йил 10-ноябрдаги тегишли қарорига асосан, Амир Темур кўчаси 6, 12, 14 ҳамда Мирзо Улуғбек кўчаси 3, 5, 7, 9-манзилларида жойлашган умумий фойдаланишдаги турар-жой бинолари ўрнида “Афросиёб Строй Сервис” МЧЖ томонидан кўп қаватли турар-жой биноси қурилишига рухсат берилган.
Мазкур қарорга мувофиқ, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, улар амалдаги тартибда экспертизадан ўтказилган ҳамда Самарқанд вилояти Қурилиш назорати инспекциясининг 2018-йил 3-июльдаги тегишли рухсатномаси асосида қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратилган.
Кейинчалик, 2022-йилда лойиҳа-смета ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган бўлиб, мазкур лойиҳа Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашида 2022-йил 9-август куни 19-сонли йиғилиш баёни билан кўриб чиқилган. Кенгаш баёнининг 13-бандига мувофиқ, қурилиш лойиҳасининг фасади Самарқанд шаҳри тарихий меъморий муҳитига мос анъанавий услубда амалга оширилиши ҳамда вилоят Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши хулосаси асосида бажарилиши шарти билан маъқулланган.
Шунингдек, мазкур ҳудуд ЙЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номли объект билан боғлиқ бўлгани сабабли, барча лойиҳавий ўзгаришлар халқаро талаблар ва миллий қонунчилик нормаларига мувофиқ равишда мувофиқлаштирилиб борилади.
Ҳозирда қурилиш ишлари амалдаги рухсат ҳужжатларига мувофиқ олиб борилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳа бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олиш ва мавжуд эътирозларни кўриб чиқиш мақсадида тегишли ташкилотлар иштирокида қўшимча ўрганишлар ўтказилмоқда.
Аҳолининг шикоятлари, мурожаатлари ҳамда эътирозлари қонуний тартибда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилади. Фуқароларнинг манфаатлари ва тарихий шаҳар қиёфасини сақлаш масалалари доимо эътиборда бўлади.
Маданий мерос объектлари атрофида олиб борилаётган ҳар қандай қурилиш ишлари қонунчилик асосида, экспертларнинг хулосалари ва тегишли рухсатномалар билан амалга оширилади.
