Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида ёшлар билан ишлашнинг янги вертикал тизими жорий этилмоқда
2026-04-02 17:05:00 / Янгиликлар

Ушбу ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида жорий йилнинг 31 март куни Инспекция томонидан 180/тк-сонли махсус буйруқ қабул қилинди. 2026 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ушбу ҳужжат билан соҳадаги ёшлар фаолиятини ривожлантиришнинг аниқ дастури тасдиқланди.
Кадрлар салоҳиятини ошириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 2026 йил 27 март куни Геология фанлари университетида йирик меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирда битирувчи ёшларга геология, тоғ-кон саноати ва энергетика каби мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга тармоқлардаги бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. 2026 йил 30 март куни Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” жисмоний тарбия ва спорт мажмуасида кон-металлургия соҳаси вакиллари ўртасида “Заковат” интеллектуал турнири бўлиб ўтди. Унда Инспекциянинг ёш ходимлари муносиб иштирок этиб, фахрли 4-ўринни қўлга киритишди.
Инспекция ҳаётида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида белгилангани муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Шу муносабат билан бугун Инспекция Марказий аппаратида фаолият юритаётган ёш ходимлар Инспекция бошлиғи Жасур Адилов билан учрашишди. Ушбу очиқ мулоқот ёшларнинг фикр ва таклифларини бевосита раҳбариятга етказиш имконини берди.
Бундан ташқари, ходимларнинг билим даражасини доимий ошириб бориш мақсадида Инспекцияда махсус ёшлар кутубхонасини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирда Ёшлар дастури доирасида белгиланган бошқа тадбирлар ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар давлат назорат органи таркибида янги авлод профессионал кадрлар қатламини шакллантиришга хизмат қилади. Ёшларнинг билим ва кўникмаларини бевосита амалиёт билан боғлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш соҳада қонунийликни таъминлашда муҳим омил бўлади.
Назорат тизимининг бундай модернизация қилиниши келажакда тоғ-кон ва геология соҳасида хавфсизлик ва шаффофлик даражасини янада оширади. Ёш кадрларга қаратилган эътибор коррупциявий хавфларни камайтириш ва иқтисодий самарадорликни оширишда стратегик аҳамиятга эга.


