Геология фанлари университетида битирувчи ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
2026-03-27 17:45:00 / Янгиликлар

Ушбу тадбирда геология, тоғ-кон саноати ва энергетика каби стратегик тармоқларда фаолият юритувчи нуфузли ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Ярмаркадан кўзланган асосий мақсад олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтириш ҳамда юқори малакали кадрларни давлат ва хусусий секторга жалб қилиш жараёнини шаффофлаштиришдан иборат.
Тадбирда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, инспекциянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими раҳбари Д. Аймухамедов талабаларга давлат назорат органи тизимидаги иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот берди. Мулоқот давомида давлат хизматига қабул қилиниш тартиби, малака талаблари ва назорат соҳасида фаолият юритишнинг ўзига хос жиҳатлари тушунтирилди.
Ярмарка давомида битирувчилар нафақат бўш иш ўринлари, балки ишга қабул қилишнинг замонавий мезонлари, стажировка ўташ имкониятлари ва ижтимоий ҳимоя пакетлари билан ҳам танишдилар. Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбир натижасида кўплаб иқтидорли талабалар ўз мутахассисликлари бўйича иш берувчилар билан дастлабки келишувларга эришдилар ва амалий кўникмаларини ривожлантириш учун йўлланмалар олдилар.
Бу каби меҳнат ярмаркаларининг мунтазам ташкил этилиши тармоқ корхоналарини янги авлод кадрлари билан тўлдиришда муҳим омил ҳисобланади. Ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш тизимининг такомиллашиши соҳада кадрлар алмашинуви ва тажриба давомийлигини кафолатлайди. Айниқса, назорат органларининг ушбу жараёнда иштирок этиши соҳада қонунийликни таъминлайдиган юқори интеллектуал салоҳиятли кадрлар базасини шакллантиришга ёрдам беради.
Кадрлар захирасининг сифатли шаклланиши узоқ муддатли истиқболда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Билимли ва ташаббускор ёшларнинг назорат тизимига жалб этилиши эса соҳада шаффофликни ошириш ва қонун бузилишларининг олдини олиш механизмларини янада кучайтиради.









