Инспекция тарихи

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси тарихига назар
Мамлакатимизда тоғ-кон саноатида назорат тизимининг яратилиши чуқур тарих - XVIII асрга бориб тақалади.
1719 йил 10 декабрда Петр I ташаббуси ва тегишли фармони билан Россия империясида тоғ-кон саноатини бошқариш учун масъул бўлган кон маъмуриятининг органига айланган Берг-коллегия ташкил этилди.
Берг-коллегия вазирликнинг функтционал аналоги бўлиб, 1719 йилдан 1806 йилгача бўлган даврда фаолият кўрсатди.
Берг-коллегиянинг асосий вазифалари кон заводлари ва уларнинг маҳсулотларини бошқариш, завод ва конлар учун ер ажратиш, заводларни техник ва технологик ривожлантириш бўйича тавсиялар бериш, шунингдек, заводларга нисбатан назорат функцияларини амалга оширишдан иборат эди.
1804 йилда маҳаллий кончилик бошқарувини ислоҳ қилиш натижасида Россия империясида бешта тоғ округи (тоғ маъмурий округлари) ташкил этилди.
1806 йил 13 июнда Берг-коллегия ислоҳ қилинди ва Молия вазирлиги таркибида кончилик бўлимига айлантирилди.
1861 йилда Берг-коллегия қошида "Кон полицияси" ташкил этилди, унинг асосий вазифаси конларда ишлаш хавфсизлигини назорат қилиш эди. Шу билан бирга, кон ишларининг бошланиши ва тугаши, шунингдек, корхоналарда содир бўлган авария тўғрисида мажбурий равишда хабардор қилиш талаблари белгиланди. Шундай қилиб, у тоғ-кон саноатида ишларнинг хавфсизлигини назорат қилувчи биринчи давлат органи бўлди.
1882 йил 1 июнда Молия вазирлиги таркибидаги кончилик департаменти қайта ташкил этилди ва фабрика инспекциясига, 1892 йил 9 мартда Махсус кон инспекциясига, кейинчалик 1899 йил 7 июнда фабрика ва тоғ-кон ишлари бўйича Бош идорага айлантирилди.
Бир қатор ислоҳотлардан сўнг, 1922 йил 30 июнда мазкур орган Кон назорати марказий бошқармаси, 1927 йил 19 майда Давлат кон-техник инспекцияси “Госгортехнадзор” сифатида қайта ташкил этилди.
Шу билан бирга, инспекция зиммасига тоғ-кон корхоналари томонидан қонунлар ва давлат буйруқлари бажарилишини назорат қилиш, кон хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш, буғ қозонларини текшириш, ишлаб чиқаришда шикастланишларни ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш, бахтсиз ҳодисаларни тергов қилиш, маркшейдерлик ишларини назорат қилиш ва тоғ-кон қутқариш хизматларини бошқариш вазифалари юклатилди.
Шундай қилиб, Инспекция таркибига Геология ва ер қаърини муҳофаза қилиш вазирлигининг Тоғ-кон назорати бош бошқармаси, Электр станциялар вазирлигининг Буғ қозонлари назорати бош давлат инспекцияси ва СССР Нефть саноати вазирлигининг Давлат техник инспекцияси киритилди.
Шу билан бир вақтда, Ўзбекистонда кон қазиб олиш ишлари ва кончилик саноати ривожлантишининг бошланиши билан СССР Вазирлар Кенгашининг 1947 йил 16 декабрдаги 1048-сон қарори билан СССР Министрлар Кенгаши ҳузуридаги Давлат кон назорати бош бошқармасининг Марказий Осиё кон округи бошқармаси ташкил этилди, унинг асосий вазифаси кон-портлатиш ишлари устидан назоратни амалга ошириш ва иш хавфсизлигини амалга ошириш эди.
1954 йил 1 июлда “Госгортехнадзор” СССР Министрлар Кенгаши ҳузуридаги Саноатда ишларни хавфсиз юритиш ва тоғ-кон назорати қўмитасига, 1966 йил 15 январдан СССР Министрлар Кенгаши ҳузуридаги Саноат ишларини хавфсиз олиб бориш ва кон назорати бўйича давлат қўмитасига айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг, шунингдек, уран, қимматбаҳо металлар, кўмир ва углеводород хом ашёсини қазиб олишнинг ва умуман кончилик саноати ҳажмининг ортишини ҳисобга олиб, 1996 йилда “Давконтехназорат” давлат қўмитаси, 2000 йилда "Саноатконтехназорат" агентлиги, 2004 йилдан "Саноатконтехназорат" Давлат инспекцияси сифатида қайта ташкил этилди.
2011 йилда фойдали қазилмалар ҳажми ва геологик қидирув ишларининг ишончлилигини назорат қилиш бўйича қўшимча функцияларни юклаган ҳолда Инспексия "Саноатгеоконтехназорат" Давлат инспекциясига ва 2019 йил 1 февралдан Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-79-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПҚ-187-сон қарорига мувофиқ орган Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясига ўзгартирилди.
Ўзбекистон давлат назорат органи мақомида 77 йилдан ортиқ ва Россия империясининг давлат назорат органи мақомида 305 йилдан ортиқ катта тарихга эга бўлган инспекция қуйидаги вазифаларни бажаради:
- ер қаърини геологик ўрганишда ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, фойдали қазилмаларни (шу жумладан, ер ости сувларини) қазиб олиш, минерал хомашёни қайта ишлашда ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига ҳамда ер қаъридан фойдаланиш шартларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
- тоғ-кон тармоғида, геология ҳамда ер қаъридан фойдаланиш, портлатиш ишлари ва портловчи материалларнинг айланмаси соҳасида саноат хавфсизлигини таъминлашга оид қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
- тоғ-кон тармоғига, геология, нефть ва газ тармоғида геология-қидирув ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, кончилик, қаттиқ фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ҳамда портлатиш ишлари соҳасига оид хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги экспертизаси ва декларациялаш тартибини такомиллаштириш ҳамда техноген хавфи юқори бўлган зоналарнинг давлат кадастрини юритиш ва ушбу йўналишлардаги экспертларни аттестациядан ўтказишда иштирок этиш;
- ер қаъридан фойдаланишда маркшейдерлик ўлчов ишлари ўз вақтида амалга оширилиши ва қазиб (ажратиб) олинган фойдали қазилмаларнинг ҳаққоний ҳисоби юритилиши устидан назоратни таъминлаш, шунингдек, минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларнинг нормативдан ортиқча йўқотилишига йўл қўйилганлигини аниқлаш ва қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик чораларини кўриш;
- кончилик, портлатиш ишлари, портловчи материалларнинг айланмаси соҳасида ҳамда саноат хавфсизлигининг тегишли йўналишларида лицензиялаш, рухсатномалар бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш.
- тоғ-кон тармоғи, геология ҳамда кончилик, шу жумладан қаттиқ фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, портлатиш ишлари, портловчи материалларнинг айланмаси соҳасида саноат хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқишда иштирок этиш;
- техника ва технологияларнинг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда тоғ-кон тармоғи, геология, ер қаъридан фойдаланиш ҳамда кончилик, портлатиш ишлари, портловчи материалларнинг айланмаси соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш;
- инспекция фаолиятида замонавий рақамли технологияларни ва космик масофавий мониторингни татбиқ этиш орқали тоғ-кон саноати ва геология соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг самарали тизимларини жорий этиш;
- ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан тезкор чоралар кўриш юзасидан идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш;
- ер қаъридан фойдаланишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
- ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ва сув олиш иншоотларини ишлатишда қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиши ҳолатлари устидан таъсирчан назорат чораларини кўриб бориш.
Инспекция “Ер қаъри тўғрисида” (ЎРҚ-987) ва "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида" (ЎРҚ-57) Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ тоғ-кон саноати ва геология соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи асосий давлат органидир.
