Турк компаниялари Фарғонага инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда
2025-11-06 10:58:00 / Янгиликлар

Учрашувларда вилоятимиз ва Туркия ишбилармонлари ҳамкорлигига ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорлар Билал Ширин, Белгин Танриверди ва Муаттар Эрген иштирок этдилар.
Туркиялик йирик компания раҳбарлари ва ишбилармонлар билан мулоқотда саноат, автомобилсозлик, энергетика, заргарлик, қурилиш, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, туризм, кино ва яна қатор йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари борасида фикр алмашилди.
Мулоқотда вилоят ҳокими ушбу ташрифдан кўзланган мақсад туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, янги-янги лойиҳалар бўйича таклифларни ўрганиш ва Фарғонага туркиялик инвесторларни жалб этишдан иборат эканлигини таъкидлади.
Вилоят раҳбари билан учрашувда “Aktiv group” компанияси директори Mehmet Nükte Фарғонада саноат ўлкаси, тарихий бинолар таклиф этилса меҳмонхона қуриш, мебелчилик йўналишида ҳам қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.
"Aydin gold" компанияси раҳбари Ибраҳим Айдин билан мулоқотда заргарлик саноати бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди.
Автомобиль саноати учун ёқилғи боклари ишлаб чиқарувчи “Smtr group” компанияси раҳбарияти билан суҳбатда Фарғонада ишлаб чиқариш тармоғини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Seyhan ambalaj makina” компанияси қадоқлаш машиналари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Мулоқотда Қува логистика марказида ушбу компания линиясини ташкил этиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
“Cabani shoes” дунёга машҳур пойабзаллар ишлаб чиқарувчи компания. Мазкур компаниянинг Тошкент ва Самарқандда дўконлари бўлиб, учрашувда компания томонидан Фарғонада ҳам савдо дўкони очиш таклифи билдирилди.
Туркиялик тадбиркор Салиҳ Эрдўған қатор давлатларда лойиҳалар амалга оширган лойиҳалари ҳақида тўхталиб ўтди. Фарғонада ҳам янги лойиҳалар бўйича биргаликда ишлаш бўйича қизиқиш билдирди.
Учрашувларда турк тадбиркорларининг бошқа йўналишлардаги лойиҳалари, таклифлари ҳам тингланди. Вилоят ҳокими туркиялик ишбилармонлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларни Фарғонага таклиф қилди, имкониятлар билан яқиндан танишишлари ва ҳамкорлик йўналишларини белгилиб олиш юзасидан фикрлар билдирилди.
Мулоқотлар якунида илғор тажрибалар асосида ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш борасида ҳам келишувларга эришилди.
Шунингдек, ўтказилган учрашувларда қатор меморандумлар имзоланди. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва “Heyal Holding” компанияси ўртасида Қува туманида амалга оширилиши режалаштирилган, лойиҳа қиймати 350 млн доллар бўлган “Турк махсус саноат зонаси” ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва ADK group Elektrik San ўртасида лойиҳа қиймати 10 млн доллар бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.









