“Hansae mobility” компанияси Фарғонада йирик лойиҳа амалга оширади
2025-10-17 08:36:00 / Янгиликлар

“Hansae mobility” компанияси билан Фарғонада автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган бўлиб, бугунги учрашувда лойиҳани бошлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Корея давлати Ўзбекистоннинг энг яқин савдо ва инвестиция ҳамкори эканлигини қайд этиб, компания раҳбариятига Ўзбекистонга, хусусан, Фарғонага сармоя киритаётганликлари учун миннатдорлик билдирди.
Ҳар бир Фарғонага бораётган инвесторларни ишончи муҳим эканлиги, улар томонидан киритилаётган истиқболли лойиҳалар қўллаб-қувватланишини маълум қилди.
Инвесторларга лойиҳани бошлашлари учун эркин иқтисодий зоналари, инвесторларга ажратилаётган солиқ ва бошқа имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Компания ҳақида видео ролик ва тақдимот ўтказилди.
Якунда Фарғона вилояти ва “Hansae mobility” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шундан сўнг делегация аъзолари компаниянинг техник маркази ва синов лабораторияси фаолияти билан танишишди.
“Hansae mobility” компанияси 1982 йилда кичик тикув фабрикаси сифатида ташкил этилган. Hansae Group бугунги кунда дунё миқёсидаги етакчи мода ва текистиль маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналар қаторига кирган. Компаниянинг илк йўналиши тўқимачилик бўлган бўлса-да, вақт ўтиши билан ўз фаолиятини анча кенгайтирди.
Hansae кейинчалик Yes24 ва Dong-A Publishing каби йирик маданий ва таълим соҳаси компанияларини сотиб олиб, контент ва нашр этиш йўналишини ҳам ўз ичига олди. Шунингдек, Hansae MK ва Hansae Dream орқали мода брендларини ривожлантиришга киришди. 2024 йилда эса компания янги босқичга қадам қўйиб, Hansae Mobilityни ташкил этиш орқали автомобилсозлик соҳасига кирди.
Гуруҳ таркиби ва фаолият йўналишлари Hansae Yes24 Holdings бошчилигидаги гуруҳ ҳозирда бешта йирик тармоқдан иборат: Hansae Corporation, Hansae MK, Yes24, Dong-A Publishing, Hansae Mobility.
Hansae Mobility – янги авлод саноати Автомобилсозлик йўналиши 2024 йилда "Hansae Mobilit" номи билан алоҳида компания сифатида ташкил этилди. Унинг фаолияти тормоз тизимлари, руль бошқаруви, ярим ўқлар электр ва қувват узатиш қисмлари ҳамда ADAS (Advanced Driver Assistance Systems) – яъни автопилот ва хавфсизлик сенсорлари ишлаб чиқаришни қамраб олади.
Hansae Mobility маҳсулотлари ҳозирда GM, Stellantis, Volkswagen, Rivian, Vinfast, UzAuto ва бошқа йирик халқаро компанияларга етказиб берилади. Бу Hansaeнинг нафақат Корея, балки Америка, Европа ва Марказий Осиё бозорларида ҳам ўз ўрнига эга эканини тасдиқлайди.
Компаниянинг Корея, Хитой ва АҚШда заводлари бўлиб, 2026 йилда Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилиши режалаштирилган.









