Фарғонада иссиқхона хўжаликларини янги босқичда ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди
2025-10-09 13:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров жорий йил 30 июль куни Президент раҳбарлигида ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш масалаларига тўхталиб ўтди. Иссиқхона соҳасидаги янги имкониятлар, қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзлари ҳақида маълмуот берилди.
Учрашувда солиқ идоралари зиммасига бевосита соҳада таҳлил ва мониторингни кучайтириш вазифаси юклатилгани маълум қилинди. Ҳозирда вилоятда 600 гектар майдонда 389 та иссиқхона мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми ҳали тўлиқ қувватда ишламаётгани қайд этилди.
Мулоқотда иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш учун вилоятда катта имкониятлар мавжудлиги, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйиш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Вилоят раҳбари Хитой тажрибасидан фойдаланиб пахтачиликда эришилаётган натижалар мисолида иссиқхона йўналишида ҳам юқори самарага эришиш мумкинлигини қайд этди. Шу билан бирга, Хитой, Корея ва Исроил каби давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва соҳага илм асосида ёндашиш кутилган натижаларни беришига эътибор қаратилди.
Хорижий инвесторларни жалб этиш, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, бўш ер майдонлардан самарали фойдаланиш ва гидропоника тизимларини жорий этиш орқали иссиқхона хўжаликларидан юқори даромад олиш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Мақсудхон Маматхонов Президентимизнинг 2025 йил 4 сентябрь кунги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида қонунчиликка киритилган асосий ўзгартиришлар тўғрисида маълумот берди.
Шунингдек, "Hududgaz Farg'ona" газ таъминоти филиали директори Шавкатжон Абдумажидов, Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Шавкатжон Дўсалиев иссиқхона эгаларига берилаётган имтиёзлар, қулайликлар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтишди.
Мулоқот давомида тадбиркорларнинг солиқ ва банк кредитлари каби турли масалалардаги муаммолари эшитилиб, уларга аниқ ечимлар белгиланди.
Бу каби учрашувлар ҳар ойда турли ҳудудларда ўтказилиб, иссиқхона соҳаси вакиллари учун ўзаро тажриба алмашиш имконияти яратилиши, вилоят ташкилотлари иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этиши, яқин кўмакчи бўлиши айтиб ўтилди. Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар келишиб олинди.








