Фарғонада Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов ҳамда адиб ва шоир, жамоат арбоби Йўлдош Сулаймон таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан анжуман ташкил этилди
2025-09-29 17:45:00 / Янгиликлар

Икки улуғ ёзувчи гарчи наср ва назмда ўлмас асарлар яратган бўлсаларда, умрларини матбуот билан боғлаган. Йўлдош Сулаймон узоқ йиллар "Фарғона ҳақиқати" газетасининг адабиёт бўлимини бошқарган. Ўнлаб ёш ёзувчи шоир, истеъдод эгаларининг биринчи асарлари айнан Йўлдош Сулаймон таҳрири остида газетада чоп этилган. Йўлдош Сулаймоннинг "Катта йўлга чиққунча", "Сен менинг қуёшимсан" каби очерклар тўпламларида оддий инсонлар ички дунёси маҳорат билан очиб берилади. Адибнинг "Дардим сиғмас дунёга" шеърий тўплами, "Субҳидам", "Вафо" романлари ўз вақтида адабиёт осмонида воқелик бўлган.
Охунжон Ҳакимов "Фарғона ҳақиқати" ва мамлакатнинг етакчи газетасида бир неча йиллар фидойилик билан меҳнат қилди. Унинг фельетонлари ўша замон корчалон, порахўр, коррупционерларини аёвсиз фош қилган. Таҳлилий мақолалари ҳамон ёш журналистларнинг маҳорат мактабларида ўрганилади. Ёзувчига катта шуҳрат келтирган йирик шеърлари, қисса ва романлари, қатор пьесаларидаги кўтарилган муаммолар бугун ҳам долзарб.
Икки ижодкорнинг номи, улар яратган бадиий асарлар асрлар давомида ўзбек журналистикаси ва адабиётида, навқирон авлод қалбида эҳтиром билан ёдга олинади. Анжуман давомида буни яна бир бор эътироф этилди.









