Фарғона ва Хубей вилояти ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
2025-09-26 15:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик алоқалари ривожланиб бораётганлиги, давлат раҳбарлари даражасида доимий мулоқот ва самарали алоқалар йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.
Хубей провинцияси вице-губернаторининг вилоятимизга ташрифи ҳам ана шу дўстона муносабатларнинг ёрқин ифодаси эканлиги қайд этилиб, бу учрашув Фарғона вилояти ва Хубей провинцияси ўртасидаги иқтисодий, инвестицион, маданий ва туризм соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров халқларимиз ўртасидаги муносабатлар Буюк ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғлангани, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши эса бу алоқаларни янада мустаҳкамлаб, ҳамкорлик кўлами ортишига хизмат қилишини таъкидлади.
Самимий мулоқотда Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан бири эканлиги, Фарғонада ҳам хитой капитали иштирокида 250 тадан зиёд корхоналар фаолият олиб бораётганига эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарларининг қўллаб-қувватлашлари билан ҳудудлараро алоқаларнинг ривожланиб бораётгани, инвесторлар учун ҳам катта имкониятлар эшикларини очаётгани айтиб ўтилди.
Фарғона вилоятининг иқтисодий, инвестициявий имкониятлари, инвесторлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Хубей вилояти билан ишлаб чиқариш, машинасозлик, электротехника, таълим, туризм, маданият бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Айниқса, олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини Фарғонада ҳам амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда Фарғона вилояти ва Хубей вилояти ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.








