Чегарачиларга байрам туҳфаси: янги маъмурий бино ва хизмат уйлари топширилди
2025-09-24 16:35:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров чегарачиларни 26 сентябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни билан табриклаб, янги иншоотлар байрамга муносиб туҳфа бўлганлигини таъкидлади.
Юртимиз тинчлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашдаги хизматларини алоҳида қайд этиб, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда ҳарбийлар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани ва бу ишлар уларнинг руҳини кўтаришга, Ватанга садоқатларини оширишга хизмат қилаётганини билдирди.
Вилоятимизда ҳам замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш, инфратузилмалар яратиш, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун уй-жойлар барпо этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Мазкур маъмурий бино ва ҳарбий шаҳарча ҳам бунинг амалий ифодаси эканлиги таъкидланди.
Тадбирда қурувчиларга миннатдорчилик билдирилди, биноларнинг рамзий калити тақдим этилди.
Ҳарбий хизматчиларга хонадонларнинг калитлари тантанали топширилди.
Тадбирда сўз олганлар томонидан ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик билдирилди.
Шунингдек, вилоят ҳокимига ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини самарали ташкил этишдаги хизматлари учун ДХХ Чегара қўмондонининг эсдалик соати тақдим этилди.
Рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар янги биноларда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Бу ерда икки қаватли маъмурий бино, тўрт қаватли, 28 хонадонли турар-жой биноси ҳамда болалар майдончаси барпо этилди. Қурилиш ишларига 17 млрд. сўм йўналтирилди.
Маъмурий бинода хизмат хоналари, ётоқхона, спорт зали, кутубхона ва ошхона каби барча зарур шароитлар яратилган.









