Риштонга “Бутунжаҳон Ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилди
2025-09-20 13:05:00 / Янгиликлар

Унда кулоллар, халқаро ташкилотлар, нуронийлар, фаоллар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокчиларни Қўқон шаҳрида ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Риштонда иккинчи бор ташкил этилаётган Халқаро кулолчилик форуми билан самимий қутлади.
Вилоятимизнинг қадим тарихга, буюк тамаддунга эга икки ҳудуди бугунги кунда нуфузли анжуманларга мезбонлик қилаётгани, Риштон туманидаги бу тадбирга дунёнинг 26 та давлатидан 100 дан ортиқ энг таниқли ва иқтидорли кулоллари қатнашаётганлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёда кулолчилик маркази сифатида маълум машҳур бўлган Риштонга “Бутунжаҳон Ҳунармандлар шаҳри” деган мақом берилаётганлиги муҳим воқеа бўлганлиги билдирилди.
Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши қарорига кўра, ўтган йилларда Қўқон, Марғилон каби кўҳна шаҳарларга Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилган, Риштон туманига ҳам шундай мақом берилиши асрлар мобайнида авлоддан-авлодга безавол ўтиб келаётган боқий анъана ва қадриятларимизнинг юксак эътирофидир.
Риштонлик уста-кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Айни кунларда бу анъаналар янги босқичда давом эттирилмоқда. Бу ерда Халқаро кулолчилик маркази барпо этилди. Риштонда бугунги кунда 40 мингга яқин ёшлар кулолчилик ҳунарини ўрганишмоқда. “Ўзбекистон халқ рассоми” ва “Ўзбекистон халқ устаси” фахрий унвонларига эга бўлган Иброҳимжон Комилов, “Ўзбекистон халқ рассоми” Бобожон Нишонов, “Ўзбекистон санъат арбоби”, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Шарофиддин Юсупов каби моҳир кулолларнинг издошлари Риштон ва унинг атрофидаги қишлоқларда анъанавий кулолчилик ривожи учун самарали меҳнат қилмоқдалар. Рустам Усмонов, Алишер Назиров, Шокиржон Аҳмаджонов, Равшанжон Тожиддинов, Тоҳир Ҳайдаров, Муҳайё Сатторова, Йўлдошали Полвонов ва бошқаларнинг бадиий кулолчилик буюмлари дунёнинг барча давлатларида кўргазма пештахталарида ўз жилолари, бетакрор безаклари билан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортиб турибди.
Тадбирда шулар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Амалий санъатимизни дунёга танитишда яқиндан кўмак бераётган, “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомини берилишига катта ҳисса қўшган Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти жаноб Саад ал-Қаддумийга миннатдорчилик билдирилди.
Форум арафасида Риштон тумани учун яна бир муҳим воқеа юз берди - Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Риштон туманига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган юксак унвон берилди.
Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Президенти Саад ал-Қаддумий ушбу мақом Риштонни бутун дунёдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олишида муҳим қадамлардан бири бўлганлигини таъкидлади.
Тадбир давомида хорижий экспертлар ҳам сўз олиб, мазкур мақомни беришда эътибор қаратилган жиҳатларга тўхталиб ўтдилар.
Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши Президенти Саад ал-Қаддумий томонидан Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқовга махсус сертификат тантанали топширилди.









