Қўқон шаҳридаги Ўрда майдонида учинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Халқаро кулолчилик форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
2025-09-19 23:55:00 / Янгиликлар

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Учинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Халқаро кулолчилик форуми иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Жаҳон ҳунармандлар кенгаши қарори билан Бухоро, Қўқон ва Марғилон каби қадимий шаҳарларимиз “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” деган юксак мақомга сазовор бўлган эди. Бу йил уларнинг қаторига Риштон ва Шаҳрихон шаҳарлари ҳам қўшилмоқда.
Шу кунларда ТУРКСОЙ Бош котибияти томонидан Қўқон шаҳрига яна бир шарафли ном – “Туркий дунёнинг ҳунармандлари шаҳри” деган мақом берилди. Биз буларнинг барчасини мамлакатимизда халқ амалий санъатини ривожлантиришга қаратилган ишларимизнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофи сифатида қабул қиламиз, - дейилади табрикда.
Тадбирда Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал-Қаддумий ҳам сўз олиб, фестиваль ўтмиш ва келажакни боғлашга хизмат қилаётгани, турли маданият, анъана ва тарихни бутун дунёга тарғиб қилиш имкониятини бераётгани, барча ҳунармандларни бирдамликка, ҳамжиҳатликка чорлаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг оқилона, узоқни кўзлаган сиёсати боис бугунги кунда ҳунармандчилик турлари жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.
Шундан сўнг Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили Шавкат Ортиқов халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котибининг табригини ўқиб эшиттирди ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимига "Туркий дунёнинг ҳунармандлари шаҳри” мақомига эга бўлганлиги ҳақидаги махсус сертификатни топширди.
Ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимида Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Намозов, Зулайҳо Бойхонова, Юлдуз Усмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев, Ботир Қодиров, Муҳаммадзиё, Имрон, Жасмин каби таниқли санъаткорлар ҳамда бадиий жамоалар иштирокидаги катта концерт дастури иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.
Тантанали маросим осмон узра порлаган ёрқин мушакбозлик билан якунланди.









