Шоҳимардон ва Ёрдонда туризм салоҳияти янада оширилади
2025-09-18 17:00:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ҳокими тегишли масъуллар билан бирга мазкур қишлоқларда бўлиб, мастер-режани янада такомиллаштириш бўйича ўрганишлар олиб борди.
Пурвиқор тоғлари, зилол сойлари, ўзига хос табиати билан маҳаллий ва хорижий меҳмонларни оҳанграбодек чорлаб турувчи бу масканлар эндиликда янгича ва замонавий қиёфага киради.
Тарихий обида ва қадамжолари, шифобахш булоқлари, табиий сув ҳавзалари, шарқироқ сойларидан туризмни ривожлантиришда самарали фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилади. Шоҳирмардон зиёрат туризми маскани сифатида янада такомиллаштирилса, Ёрдон қишлоғида экотуризмга катта эътибор қаратилади. Бу ерда қишки спорт турларини, хусусан, чанғи учишни йўлга қўйиш, сув ҳавзасида эса қайиқда сузиш, эшкак эшиш имкониятларини яратиш мақсад қилинган.
Шунингдек, ҳудудларда жаҳон талаблари даражасидаги туризм масканлари, ресторан, меҳмонхоналар, капсулали уйлар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари, яшил ҳудудлар, болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, аттракционлар, эко йўлаклар барпо этилади. Дор осма йўли, кўприклар қурилиши режалаштирилган. Бу ерда тўрт фаслда ҳам дам олиш учун барча шароитлар яратилади. Туристлар учун 20 тадан зиёд хизмат турлари таклиф этилади. Миллий ҳунармандчилик савдо шохобчалари фаолияти йўлга қўйилади.
Вилоят раҳбари ўрганиш жараёнида Шоҳимардон ва Ёрдон туризм мастер-режасини аниқ ва пухта ишлаб чиқиш, қулай инфратузилма билан таъминлаш, энг муҳими замонавий туризм масканига айлантириб, бу ерга келувчилар учун зарур қулайликлар яратиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди.Мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.









