Фарғонада моҳир футболчиларнинг янги авлоди тарбияланади
2025-09-16 16:55:00 / Янгиликлар

Вилоятда футбол спорт турини янада ривожлантириш, унинг инфратузилмасини яхшилаш, иқтидорли футболчиларни эрта аниқлаш ва уларни профессионал спортга йўналтириш борасидаги муҳим вазифалар, режалар белгилаб олинди.
Дастлаб Фарғона шаҳридаги вилоят футбол академиясида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Ҳозирда мактабда 6–11-синфларда таҳсил олаётган 154 нафар ўқувчи 7 та гуруҳда малакали мураббийлар кўмагида маҳоратларини ошириб бормоқда.
Академия ҳудудида ҳозирда сунъий қопламали ва табиий стадион мавжуд бўлиб, машғулотлар майдони сонини кўпайтириш, янги ўриндиқлар ўрнатиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши белгиланган.
Ўрганиш жараёнида лойиҳалаш ишларини мукаммал амалга ошириш, ёш футболчилар учун барча шароитларни яратиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Шундан сўнг вилоят футбол мактаби фаолияти билан танишилди. Бу ерда 20 нафардан ортиқ мураббий 950 нафардан зиёд ёш футболчиларга футбол сирларини ўргатиб келмоқда.
Мактабнинг сунъий қопламали майдони таъмирланиб, қўшимча машғулот майдони қурилиши режалаштирилган. Бу ишлар натижасида тарбияланувчилар учун янада қулай шароитлар яратилиб, машғулотлар самарадорлиги оширилади.
Равшан Эрматов истиқболли ва иқтидорли футболчиларни тарбиялаш, тажрибали мураббийларни кўпайтириш ҳамда уларни миллий терма жамоага кўпроқ йўналтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Яқинда бутунлай қайта таъмирдан чиқарилган “Нефтчи” футбол клубининг замонавий инфратузилмага эга қароргоҳи ҳам кўздан кечирилди. Мажмуа ҳудудида 2 та янги футбол майдони барпо этилиб, эндиликда футболчилар 3 та жаҳон стандартларига мос стадионда машғулот олиб бориш имкониятига эга бўлдилар. Янгиланган базада футболчилар ва мураббийлар учун барча шароитлар — замонавий ошхона, машғулот заллари, сузиш ҳавзаси, тиббиёт хонаси ва бошқа зарур иншоотлар ташкил этилган. Шунингдек, бу ерда асосий жамоа билан бирга У-19, У-21 ва аёллар жамоалари учун ҳам ётоқхоналар, машғулот майдонлари, спорт заллари ва ўқув хоналари фаолият юритмоқда.
Равшан Эрматов яратилган шароитларга юқори баҳо берди, вилоятда футболни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини қайд этди. Ўрганишлар якунида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.









