Фарғонада заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
2025-09-12 17:35:00 / Янгиликлар

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, инвесторлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими истиқболли ва муҳим лойиҳани ишга туширилиши билан тадбир иштирокчиларини табриклади. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда саноатнинг барча йўналишлари, шу жумладан, заргарлик соҳасини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, берилаётган имтиёзлар хусусида сўз юритиб, мазкур корхона ана шу ишларнинг амалий самараси эканлигини билдирди.
Корхона очилиши вилоятимизда яна бир тарихий воқеа бўлгани, заргарлик маҳсулотларини нафақат ички бозорда сотиш, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топиш бўйича муҳим қадамлар ташлангани қайд этилди.
Заргарлик ҳунармандчилиги мамлакатимизда, айниқса, водий вилоятларида қадимдан ривожланиб келгани, бугун саноатга айлантириш вақти етгани, қисқа муддатда мазкур корхона тўла қувватда ишга тушганлиги таъкидланди.
Президентимизнинг “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси асосида Республика бўйича учинчи заргарлик маркази Фарғонада очилганига эътибор қаратилди.
Бу эса ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар, имкониятлар бериши, уларни жадал ривожланиб, бозорга тезроқ кириб боришларига йўл очиши айтиб ўтилди.
Лойиҳа ташаббускорлари ҳамда “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси мутасаддиларига ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилиб, марказ дунё заргарлик саноатида ҳам алоҳида ажралиб туришига тилак билдирилди.
Туркиялик инвестор Жемил Аклли ва озарбайжонлик ишбилармон Наил Шахвердиев ҳам сўз олиб, бу лойиҳа дастлабкиси бўлиб, келгусида ҳамкорликда яна кўплаб истиқболли лойиҳалар бўйича биргаликда ишлашга тайёр эканликларини айтиб ўтишди.
“AMASTA” хорижий корхонасининг “Ferga gold” бренди остидаги маҳсулотлари халқаро стандартларга жавоб бера олиши билан бирга, замонавий дизайн ва юқори сифат орқали юртимиз ва халқаро бозорларга кириб боришни мақсад қилган.
Корхона энг замонавий ва юқори технологияларга асосланган бўлиб, лойиҳа қиймати 6 миллион долларни ташкил этади. Заргарлик йўналишида 300 та юқори даромадли иш ўрни яратиш кўзда тутилган, ҳозирда 60 нафар аҳоли ишга қабул қилинди.
Туркия ва Озарбайжонлик инвесторлар билан ҳамкорликда йиллик умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик 1,5 тонна заргарлик буюмлари тайёрланади.
Фарғонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозорда сотилади, шунингдек, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Туркия ва Хитой каби йирик бозорларга ҳам экспорт қилинади.
Тадбир давомида рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар корхонадаги иш жараёнлари, маҳсулотлар билан яқиндан танишдилар.









