Қувасойда вилоятимизда ягона бўлган “Она уйи” маркази иш бошлади
2025-09-11 09:50:00 / Янгиликлар

Марказда 6 ойлик ҳомиладорлик давридан бошлаб, жумладан илк фарзандини дунёга келтираётган аёллар, 4 ёшгача бўлган фарзанди бор аёллар ҳамда болалардан воз кечиш арафасида турган ҳомиладор аёлларга қўллаб-қувватлаш хизмати кўрсатилади. Уларга психологик кўмак, тиббий хизмат, ҳужжатларни тиклаш ва ҳуқуқий маслаҳат, таълим ва малака ошириш, амалиёт ва иш билан таъминлаш каби йўналишларда ёрдам берилади.
Келгусида марказда тикувчилик ва турли касб-ҳунар курслари ташкил қилиниб, юзлаб оналарни мустақил ҳаётга тайёрлаш режалаштирилган. Бу эса нафақат уларнинг моддий эҳтиёжларини таъминлайди, балки маънавий қувват ва янги ҳаётга ишонч бағишлайди.
Айни пайтда мазкур лойиҳа Тошкент, Бухоро, Андижон, Самарқанд, Чирчиқ ва Қувасой шаҳарларида тажриба тариқасида йўлга қўйилган бўлиб, келгусида республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилиши мўлжалланмоқда.
Тадбир давомида рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар “Она уйи”да яратилган қулайликлар билан танишдилар.




