Хитойлик инвесторлар томонидан йирик лойиҳалар амалга оширилади
2025-09-10 16:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда компания вакиллари билан ўтказилган музокараларда эришилган келишувларнинг амалий самараси сифатида Фарғона ва Марғилон шаҳарларида қурилиши режалаштирилаётган йирик инвестицион лойиҳалар муҳокама қилинди.
Инвесторлар томонидан ҳозирда учта аниқ лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм маркази ҳудудида 12 қаватли замонавий меҳмонхона, унга ёндош ҳудудда йирик халқаро савдо маркази барпо этилади ва Фарғона шаҳридаги “Бақай” кичик саноат зонасида Фошань ишлаб чиқариш технопарки қурилиб, 20 тадан ортиқ корхоналар жойлаштирилади.
Мулоқотда мазкур инвестицион лойиҳалар жойлашуви, кўриниши ҳамда иқтисодий самарадорлиги бўйича тақдимот ўтказилди. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш, илғор тажрибаларни тадбиқ этиш кабилар хусусида фикр алмашилди.
Учрашувда ушбу лойиҳаларни қисқа фурсатларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.




