Республика миқёсида илк бор Фарғонада "Бунёдкор аёл" миллий форуми ташкил этилди
2025-07-22 14:10:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган ҳаётбахш ғоя остида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, шаҳар-туман ҳоким ўринбосарлари, фаол аёллар, тадбиркорлар, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар вакиллари иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар шаҳар ва туманлар хотин-қизлар бўлимлари томонидан тайёрланган кўргазмалар билан танишдилар. Унда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, аёллар тадбиркорлигида эришилаётган ютуқлар намойиш этилди.
Шундан сўнг Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган ҳунарманд Наргиза Йўлдошева томонидан ўзлигимиз рамзи бўлган миллий либослар кўргазмаси ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди ва ундаги ранг-баранг либослар катта қизиқиш билан қарши олинди.
Анжуманда сўз олганлар томонидан тадбирда қарийб 30 та йўналишда ишбилармон аёллар ўз шогирдлари билан қатнашаётгани маълум қилинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
- Хотин-қизлар масаласи бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бири. Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан “Аёллар дафтари” орқали 300 минг нафар вилоятимиз хотин-қизларига моддий ёрдам, субсидия, имтиёзли кредитлар, уй-жой билан таъминлаш каби турли йўналишларда кўмаклар кўрсатилди. Аёллар касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўргатилиб, ўз шахсий бизнесига эга бўлишди. Энди эса асосий мақсад — иш бошлаган аёлларимиз ўз ёнларига шогирдлар олишлари, бунёдкор аёллар сафини кенгайтириши керак. Тадбирнинг бош мақсади ҳам айнан шунга қаратилган, – деди вилоят ҳокими.
Тадбир давомида фарғоналик аёлларнинг ташаббускорлиги, фаоллиги, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга кўмакдошлиги, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, янги иш ўринларини яратаётгани, ишлаб чиқарган маҳсулотларини хорижга экспорт қилаётгани алоҳида эътироф этилди. Шу ўринда фарғоналик Ўзбекистон Қаҳрамонлари Манзура Мадалиева, Патилахон Эргашева, Лолахон Муротова ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқованинг номлари ҳам фахр билан тилга олинди ва улар фаолияти Республикага ибрат эканлиги таъкидланди.
Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами билан иштирокчиларни табриклаб, “Бунёдкор аёллар бугунги кун қаҳрамонларидир”, дея эътироф этди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, кичик тадбиркорларни ўрта тадбиркорлар сафига олиб чиқиш, ўрта тадбиркорларни йирик тадбиркорлар қаторида бўлишларига кўмаклашиш жараёнлари, бунинг учун Президентимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида “Фарғона анорчилик” МЧЖ раҳбари Мастура Сайфиддинова, наққош Қудратхон Тешабоева, шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда бўлган, айни кунда эса шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорлик ишларини кенгайтириб бораётган хотин-қизлар босиб ўтган йўллари, қийинчиликлари, эришган ютуқлари ҳақида маълумот бердилар.
Миллий форум давомида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошида ташкил этилган “Етакчи аёллар клуби” аъзоларига қўмита раисининг ишонч ёрлиқлари тантанали топширилди. Иқтисодий мустақилликка эришган тадбиркор аёллар ҳудудлардаги хотин - қизлар бўлимлари билан ҳамкорликда эҳтиёжманд хотин – қизларга яқиндан ёрдам беришлари зарурлиги яна бир бор қайд этилди.
Санъаткорлар, ёш иқтидорлар иштирокидаги концерт дастури йиғилганларга янада кўтаринкилик бағишлади.
