“Нефтчи” футбол клубининг бутунлай қайта таъмирланган қароргоҳи фойдаланишга топширилди
2025-07-19 23:55:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ўтган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, клуб аъзолари, спортчилар, мураббийлар, фахрийлар, ёшлар ва футбол мухлислари иштирок этди. Мазкур спорт мажмуасини реконструкция қилиш ишлари учун 11 млрд сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиб, 1970 йилда бунёд этилган иншоот тубдан таъмирланди. Ётоқхона ва ювиниш хоналари, ошхона, сув иншооти, машғулотлар зали, гулзор ва боғлар замонавий кўринишда қайта барпо этилди. Спорт мажмуасидаги учта стадион ҳам жаҳон талаблари даражасида қайта таъмирланди. Тўрт ярим минг янги ўриндиқлар ўрнатилди. Мазкур спорт мажмуаси халқаро спорт мусобақалари талабларига жавоб бериши учун замонавий инфратузилма, техник жиҳозлар ва қулай шарт-шароитлар билан бойитилди. Машғулотлар ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Эътиборлиси, бу ерда асосий жамоа билан бирга аёллар, ёшлар – U-19 ва U-21 жамоалари ҳам фаолият олиб боради. Тадбирда рамзий тасма қирқилиб, иштирокчилар спорт мажмуасида яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Тантанада сўз олган вилоят ҳокими барчани янги замонавий спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилиши билан табриклади. Президентимизнинг футболни ривожлантиришга қаратаётган юксак эътиборини алоҳида таъкидлаб, айниқса, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига йўлланма олгани юртимиз спортидаги улкан ютуқ сифатида эътироф этилганини билдирди. Ўзбек футболида ўзига хос ва бетакрор ўрин тутадиган “Нефтчи” клуби кўп йиллик шарафли тарих, салмоқли ютуқлар ва мустаҳкам анъаналарга эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Янгитдан қуриб битказилган спорт мажмуасида футболчиларимиз учун катта имкониятлар яратганлигини қайд этиб, фарғоналик ёшлар орасида иқтидорли футболчилар кўплигини, улар орасидан машҳур футболчилар етишиб чиқишини тилади. - Яратилган мана шундай шароитлар туфайли "Нефтчи" “чемпион” деган номни олса, барчамиз биргаликда тантана қилиш насиб қилсин, - деди вилоят ҳокими. Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Одил Аҳмедов, футбол фахрийси Тоҳир Кападзе, "Нефтчи" футбол клуби бош мураббийи Виталий Левченко ҳам сўз олиб, улар томонидан жамоанинг сўнгги йиллардаги муваффақиятли ўйинлари, эришган ютуқлари, иқтидорли ёшлар ва профессионал мураббийлар жалб қилингани алоҳида эътироф этилди. Жамоанинг келгусидаги ёрқин ғалабаларига, халқаро майдондаги чемпионатларда ҳам муносиб иштирок этишига ишонч билдирилди. Шундан сўнг вилоятдаги 28 та спорт мактаби ва футбол маркази ёшлари учун спорт анжомлари тантанали топширилди. Вилоятда футболни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, "Нефтчи" ПФК бош директори Мансуржон Тошматов ташаккурнома билан тақдирланди. Тадбир давомида мухлислар "Нефтчи" жамоаси футболчилари иштирокидаги қизиқарли ўйинга ҳам гувоҳ бўлдилар. Байрамона руҳда ўтган тадбир концерт дастури билан якунланди.
