Бугунги кунда маҳалла фуқаролик жамиятининг таянч устуни, чинакам халқчил тузилмага айланди
2025-07-17 14:40:00 / Янгиликлар

Ушбу тизим орқали аҳоли даромадларини ошириш, ишсизликни камайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар билан самарали ишлаш, жиноятчилик ҳамда эрта никоҳларнинг олдини олиш каби долзарб вазифалар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш вилоят кенгашини жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти таҳлил этилиб, “маҳалла еттилиги” тизими самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, “маҳалла еттилиги”нинг вилоят бошқармалари, Маҳаллалар уюшмасининг шаҳар-туман бўлимлари раҳбарлари, Кенгаш аъзолари ҳамда бошқа дахлдор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди. Вилоят раҳбари “маҳалла еттилиги” олдида турган устувор вазифаларга тўхталиб, қуйи бўғинда самарали фаолият юритиш, ҳамжиҳатлик, фидойилик билан ишлаш ва натижадорликка эришиш муҳимлигини таъкидлади. Йиғилишда маҳаллаларни ишсизлик, камбағаллик, оилавий ажрим ва миграция каби муаммолардан холи ҳудудга айлантириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни бартараф этиш, аҳоли мурожаатлари билан самарали ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Йиғилиш якунида тизим самарадорлигини янада ошириш, муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этиш, аҳоли эҳтиёжларини ўрганиш ва манзилли ёрдамни ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
