БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида
2025-06-02 11:55:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётгани, қатор дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, мамлакатимизда Президент ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўшни давлатлар билан дўстона ва яқин муносабатларни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётгани таъкидланди.
Фарғона вилоятида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ишлар ҳам делегация томонидан ижобий баҳоланди.
Учрашувда Фарғона вилояти билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
Жумладан, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, туризмни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, миграция масалалари, аҳоли саломатлиги, таълим каби йўналишлардаги истиқболли лойиҳалар ва ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Учрашув якунида биргаликдаги чора-тадбирлар ва амалий ишлар келишиб олинди.
