Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Беларуснинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородниковни қабул қилди
2025-05-17 12:50:00 / Янгиликлар

Вилоят раҳбари янги иш бошлаган элчининг ишларига муваффақият тилаб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ишончли ва дўстона муносабатлар янги босқичга чиқиб, кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини таъкидлади. 2024 йилда Фарғона вилоятининг Беларусь Республикаси билан ташқи савдоси 25,5 миллион долларни ташкил этди. 2025 йилнинг биринчи чорагида эса айланма 5,4 миллионга етди. Ҳозирда вилоятимизда Беларусь капитали иштирокидаги 4 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, озиқ-овқат ва кимё, металлургия ва тўқимачалик каби турли йўналишларда савдо турлари кенгайиб бормоқда. Мулоқотда вилоятнинг инвестицион салоҳияти ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Таълим, маданият, туризм, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, енгил саноат, ахборот технологиялари каби қатор йўналишларда алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди. Гўшт-сут саноатида лойиҳаларни амалга ошириш, қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларини жорий қилиш, мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳақида ҳам сўз борди. Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш юзасидан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, аниқ лойиҳалар устида иш олиб боришга келишиб олдилар.
