Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “China Highway Vehicle Machinery Co., Ltd” компанияси вакилларини қабул қилди
2025-05-14 12:45:00 / Янгиликлар

Самимий руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётгани алоҳида таъкидланди. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилаётган автобуслар, мотороллерлар ҳамда мини-тракторлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди. Шунингдек, мазкур техникаларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. - Энг муҳим жиҳат — ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар сифатли ва рақобатбардош бўлиши, шунингдек, янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли учун барқарор даромад манбаи шаклланиши зарур. Биз айни жиҳатдан лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, - деди вилоят ҳокими. Лойиҳа ташаббускори — “China Highway Vehicle Machinery Co., Ltd” компанияси 1986 йилда Пекин шаҳрида ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг давлатга қарашли йирик саноат компанияларидан бири ҳисобланади. Компания транспорт воситалари ва қурилиш техникасини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш билан шуғулланади. У дунёнинг кўплаб давлатлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Учрашувда компания тажрибасидан келиб чиқиб Фурқат туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган, икки босқичдан иборат лойиҳани тезроқ бошлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни олиб кириш лозимлиги таъкидланди ва ҳамкорлик чора-тадбирлари келишиб олинди.
