Наврўзи олам муборак!
2025-03-21 11:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум азиз юртдошлар,
Ҳурматли фарғоналиклар,
Қадрли меҳмонлар!
Сиз, азизларни, сизлар орқали барча вилоятимиз аҳлини шарқона янги йил – Наврўз байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам юртимизга, элимизга тинчлик-омонлик, шодлик ва фаровонлик олиб келсин!
Мана шу қутлуғ кунда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонингизга файзу барака тилайман.
Наврўз чин маънода бунёдкорлик байрамидир. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Экошаҳарда, хусусан, мазкур амфитеатрда нишонланаётган байрам шукуҳи ҳам буни яққол исботлаб турибди. Бундай обод ва гўзал масканларга байрамлар ярашади. Ҳар кунимиз шундай чиройли байрамларга, тантаналарга бой бўлсин.
2025 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида нишонланмоқда. Барча шаҳар ва қишлоқларимизда умумхалқ сайллари тарзида ўтаётгани унга ўзгача файз ва шукуҳ бағишламоқда.
Дошқозонларда сумалаклар солиниб, халқимиз катта хурсандчилик билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда. Айниқса, гуллаётган дарахтларни кўриб, дилинг яйрайди!
Наврўз биз учун баҳор ва уйғониш, яшариш ва янгиланиш, меҳнат ва бунёдкорлик фаслидир. Наврўз биз учун меҳр-оқибат, қадр-қиммат, хайру саховат ва ўзликни англаш рамзидир.
Халқимизнинг энг қадимий ва умрбоқий байрами Наврўз – деҳқончилик, ризқ-рўз байрами ҳамдир. Бугун миришкор деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошламоқдалар, улкан мақсад ва режалар билан дала сари йўл олмоқдалар. Ниятимиз – йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин.
Вилоятимизда барча соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритиш мақсадида улкан режалар ва мақсадларни белгилаб олганмиз. Албатта, бу йил ҳам Фарғона учун юксалиш, тараққиёт йили бўлади.
2025 йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилган бўлиб, 6 млрд доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини бошлаш, 1,2 мингта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 44 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, шу билан бирга, 1,5 млрд доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортини амалга ошириш, 3,7 млрд доллар миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бошқа соҳаларда ҳам марраларни баланд олганмиз.
Барчамиз жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи учун якдил бўлиб, меҳнат қилсак, албатта, кўзланган мақсадларга эришамиз.
Қадрли юртдошлар!
Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари бугунги улуғвор ўзгаришларда ўз ифодасини топаётганлигини алоҳида таъкидламоқчиман.
Наврўз ўзининг яратувчанлик қудрати билан табиатда музаффар ҳаёт тантанасини бошлаб берса, Муҳтарам Президентимиз бошчиликларидаги улкан ислоҳотлар, халқимизнинг ўз ҳаётидан розилиги йўлидаги янгиланиш ва ўзгаришлар бу борадаги дахлдорлик туйғусини кучайтирмоқда. Сўнгги саккиз йил давомида амалга оширилган ишларни тарихий воқеа бўлди, дея бемалол айтиш мумкин. Ўзбекистонни жаҳон тан олди, ислоҳотларни эътироф этди.
Муҳими, “Инсон қадри учун” тамойили асосида қутлуғ заминимизда бугун ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароити яратилмоқда. Албатта, бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, юрт учун меҳнат қилиш ҳар биримизнинг асосийси вазифамиз бўлиши керак.
Қадрли фарғоналиклар!
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг фармойиши асосида 2025 йил 11 мартдан бошлаб “долзарб бир ойлик” сафарбарлиги эълон қилинди. Вилоятимиз маҳаллаларида ҳам бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ободлик бор жойда файз-барака бўлади. Ўйлайманки, вилоятимиз аҳли бу йўналишдаги ишларда ҳам намуна кўрсатиб, Фарғона тажрибасини яратишади.
Фурсатдан фойдаланиб, қўшалоқ байрам -Маҳалла куни билан аҳолининг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш мақсадида астойдил хизмат қилаётган барча-барча инсонлар – маҳалла раислари ва фаолларини, “еттилик”ни самимий табриклаб, уларга янги зафарлар ва омадлар тилайман.
Ҳурматли юртдошлар!
Бу йилги Наврўз байрами фазилатли Рамазон ойида бўлиб ўтаётгани унинг файзу тароватини янада зиёда қилмоқда.
Ушбу муборак айём билан ҳам барчангизни қутлаб, чин дилдан қилинаётган дуолар ижобат бўлишини Парвардигори оламдан сўраймиз.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий таъкидлаганидек, "Наврўз – бу фақат табиатнинг уйғониши эмас, балки инсон қалбининг янгиланиши, янги умидлар ва имкониятлар учун эшикдир”.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан барчангизни чин қалбимдан табриклайман!
Қадимдан ота-боболаримиз йил бошида яхшилик ҳамда эзгуликни ният қилиб, ишга киришганлар.
Наврўз юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, турмушимизга қут-барака олиб келсин!
Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин!
Жонажон Ватанимиз янада обод ва фаровон бўлсин!
Наврўз айёми барчамизга муборак бўлсин!
Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!
