Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Xinjiang Yingjie Ecological Greening Co., Ltd” компанияси раҳбари Лю Инцзе бошчилигидаги компания вакилларини қабул қилди
2025-03-29 08:00:00 / Янгиликлар

Мазкур компаниянинг асосий офиси Урумчи шаҳрида жойлашган бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. Шаҳар ва қишлоқ жойларида яшил ҳудудларни яратиш ва ободонлаштириш, боғлар, парклар ва бошқа яшил майдонларни лойиҳалаш ва қуриш каби йўналишларда фаолият олиб боради. Эътиборлиси, жараёнларга илмий ёндашув ҳамда замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратади.
Учрашувда Фарғонада питомник (ўсимликлар парваришланадиган махсус жой) ташкил этиш, Хитойдан камсув ва касалликка чидамли дарахтлар олиб келиш, маҳаллийлаштириш орқали кўчатлар тайёрлаш, самарасиз иссиқхоналар фаолиятини тиклаш, ғалла ва пахтачилик йўналишларида ҳосилдорликни ошириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Фарғона шаҳридаги Экошаҳар ҳудудида бошқарув компаниясини ташкил қилиб, дарахтлар парваришини назоратга олиш, яшиллик яратиш ҳақида сўз борди.
Хитойдаги енгил саноат университетида таълим олаётган 400 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалардан малакали мутахассислар сифатида ишларни ташкил этишда фойдаланиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир билдирилган таклифлар қўллаб-қувватланишини билдирди. Ҳамкорликдаги лойиҳалар муҳокама қилиниб, келгусидаги чора-тадбирлар келишиб олинди.
Учрашувда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев, вилоят ҳокимининг Фарғона ва Хитой ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Отахон Хайруллаев иштирок этди.
