Фарғонада Кореянинг INHA University кампуси ташкил этилади
2026-11-26 22:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилоятида таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда мамлакатимизда ахборот технологияларини ривожлантириш, бу борада замонавий инфратузилма яратиш ва соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, Фарғона IT хабига айланиб бораётганлиги қайд этилди.
INHA Universityнинг Фарғонадаги кампусини кенгайтириш, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва муҳандислик йўналишларини очиш, талабалар қабул квотасини ошириш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича ташаббуслар бўйича фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудда таълим сифатини ошириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, IT соҳасидаги имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Делегация вакиллари ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётига, хусусан, Фарғона вилоятининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини қайд этдилар.
Учрашув якунида таълим, илм-фан ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, Фарғонада “INHA University” кампусини ташкил этиш лойиҳасини амалий босқичга олиб чиқиш ва уни жадаллаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашувда Марғилон шаҳар ҳокими Элбек Рустамов ҳам иштирок этди.
Маълумот ўрнида, 70 йилдан ортиқ тарихга эга INHA University Жанубий Кореянинг муҳандислик, ахборот технологиялари ва бизнес йўналишлари бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Чонгсок жамғармаси INHA University, Корея аэрокосмик университети, Инҳа техника коллежи ва Чонгсок авиация ўрта мактабини ўз ичига олган тўртта таълим муассасаси фаолиятини бошқаради.



