Турк инвесторлари билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
2026-11-21 18:20:00 / Янгиликлар

Учрашувда Учкўприк ва Бешариқ туманларида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, аввалги мулоқотларда илгари сурилган ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Туркиялик инвесторлар томонидан логистика маркази, меҳмонхона, дам олиш масканлари, кўп қаватли турар жойлар қуриш, шунингдек, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган лойиҳа таклифлари тақдимот қилинди.
Жумладан, Бешариқ туманида қиймати 13 млн доллар бўлган сервис ва хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиши қайд этилди.
Мулоқот давомида Фарғона вилоятининг юқори инвестициявий салоҳияти, мавжуд имкониятлар ва туркиялик сармоядорларни ҳудудга янада фаол жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда инвесторларга зарур ташкилий ва амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Фарғона вилояти ҳокимлиги ва "Asal Grup Lojistik A.Ş." компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.



