Фарғонада «Карера куни» тадбири ўтказилди
2026-11-21 16:35:00 / Янгиликлар

Тадбирнинг асосий мақсади касбий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни иш берувчилар билан бевосита боғлаш, меҳнат бозоридаги мавжуд бўш иш ўринлари билан таништириш ҳамда муносиб ишга жойлашишларига кўмаклашишдан иборат.
Тадбирда вилояи ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Миграция агентлиги вакиллари иштирок этди.
Унда 20 та иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари, шунингдек, 8 та хусусий бандлик агентлиги орқали хорижий иш берувчилар жалб этилди. Тадбирда 10 та йирик корхона ҳам ўз вакансиялари билан иштирок этди. Шу билан бирга, вилоятдаги техникумлар битирувчи ёшлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида иш берувчилар томонидан битирувчиларга маҳаллий ва хорижий меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари таклиф этилди. Ёшлар ўз мутахассислиги бўйича иш берувчилар билан бевосита суҳбатлашиш, вакансиялар билан танишиш, ишга қабул қилиш шартлари ва меҳнат фаолиятига оид саволларига жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, битирувчиларга ишга жойлашиш, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш, касбий фаолиятини тўғри йўналтириш ҳамда маҳаллий ва хорижий меҳнат бозоридаги имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида хусусий бандлик агентликлари ва техникум раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари ўртасида алоҳида учрашув ҳам ташкил этилди. Унда хусусий бандлик агентликлари фаолияти, хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш тартиблари ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.









