Фарғонада “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилмоқда
2026-11-20 12:35:00 / Янгиликлар

Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзоджон Полвонов ҳамда “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев кириш сўзлари билан очиб беришди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Ҳаёт синовларида тобланган, бой тажриба ва ибратли ҳаёт йўлига эга нуронийларнинг насиҳат ва маслаҳатлари ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, эзгулик ва масъулият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши, “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танлови ҳам ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад нуронийларни жамият ҳаётига янада кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишдан иборат. Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳам танловнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Республика босқичида ҳудудий саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган нуронийлар иштирок этмоқда. Улар ўз маҳаллаларида “Бир нуроний – ўн нафар ёшга масъул” лойиҳаси доирасида амалга оширган ишлари, ёшлар билан ишлаш борасида тўплаган тажрибалари ва эришган натижаларини ҳакамлар ҳайъати ҳамда тадбир иштирокчиларига тақдим этмоқда.
Айни пайтда иштирокчилар белгиланган учта шарт бўйича ўзаро беллашмоқда.
Танлов якунида энг фаол ва ташаббускор нуронийлар аниқланади.







