Зиёлилар мулоқоти: миллий юксалиш йўлидаги ташаббус ва таклифлар
2026-11-13 12:40:00 / Янгиликлар

Тадбирни очиб берган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Мавлуда Хўжаева муҳокамаларда иштирокчилар фаол бўлганини алоҳида эътироф этиб, долзарб масалалар юзасидан кўплаб муҳим таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланганини таъкидлади.
Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова эса Фарғона вилоятининг турли соҳалардаги натижалари, ёшлар эришаётган ютуқларга тўхталиб, оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратди.
Анжуман давомида еттита ихтисослашган шўъбада ўтказилган муҳокамалар натижалари тақдимот қилинди. Уларда ватанпарварлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, рақамли муҳит таъсири, оила ва маҳалла институтини ривожлантириш каби йўналишларда илгари сурилган таклифлар ҳақида маълумот берилди.
Давлат тили нуфузини ошириш, ўзбек адабиёти, таржима ва ноширликни ривожлантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, илм-фан, таълим ва инновацион тиббиёт салоҳиятини оширишга доир ташаббуслар ҳам айтиб ўтилди.
Тақдимотлар якунида иштирокчиларнинг қўшимча фикр ва мулоҳазалари тингланди. Эътиборлиси, муҳокамаларда Янги Ўзбекистоннинг устувор қадриятларини мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш ва фуқаролик масъулиятини юксалтириш масалалари кун мавзуси бўлди.
Эндиликда тадбирларда билдирилган барча таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, "Ўзбекистон зиёлилари кенгаши" нинг республика йиғилишига тақдим этилиши режалаштирилган.









