«Темурбеклар мактаби» ўқувчилари билим, интизом ва ватанпарварликда тенгдошларига намуна бўлмоқда
2026-11-12 18:05:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда лицейда 323 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу ерда ёшларнинг замонавий билимларни пухта эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши, ҳарбий касбга бўлган қизиқишини ошириши ҳамда ҳар томонлама етук шахс бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ўқувчилар инглиз ва рус тиллари, физика, математика, кимё каби фанларни чуқур ўзлаштирмоқда. Ҳозирга қадар 60 нафардан зиёд ўқувчи хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқловчи сертификатларга эга бўлди.
Лицей ўқувчилари республика ва халқаро фан олимпиадаларида ҳам муносиб натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, VII халқаро физика олимпиадасида лицей ўқувчилари биринчи ўринни қўлга киритди.
Вилоят раҳбари ўқувчилар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг билим олишга интилиши, келгуси мақсадлари ва орзу-режалари билан қизиқди.
Мулоқотда ҳарбийлик Ватанга садоқат, юксак масъулият, матонат ва фидойиликни талаб этадиган энг шарафли касблардан бири экани таъкидланди. Юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва мамлакат хавфсизлигини таъминлашдек муқаддас бурчни адо этиш учун, аввало, чуқур билим, мустаҳкам ирода, қатъий интизом ва юксак ватанпарварлик фазилатларига эга бўлиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, лицей ўқувчилари билимга чанқоқлиги, қатъий интизоми, фаоллиги ва эришаётган ютуқлари билан барча тенгдошларига намуна бўлаётганлиги эътироф этилди.
Ташриф давомида «Ёш авиамоделчилар» тўгараги аъзолари ўзлари тайёрлаган ишланмаларни намойиш этиб, уларнинг техник имкониятлари ҳақида маълумот бердилар. Ёшларнинг муҳандислик, конструкторлик ва замонавий технологияларга бўлган қизиқиши эътироф этилди.
Шунингдек, лицей ўқувчилари иштирокида ҳарбий кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Вилоят ҳокими ёшларнинг интилишлари ва ютуқларини юқори баҳолаб, уларга келгуси ўқишлари ҳамда ўз олдиларига қўйган эзгу мақсадларига эришишларида муваффақиятлар тилади.









