Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор иссиқлик билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда
2026-11-12 14:50:00 / Янгиликлар

Мазкур қозонхона Абдулла Қодирий мавзесидаги 203 та кўп қаватли уй ва 29 та ижтимоий соҳа объектини иссиқлик энергияси билан таъминлайди. Айни кунларда иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, қозонхонанинг иш самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва эксплуатация харажатларини камайтириш мақсадида мавжуд қозонни реконструкция қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лойиҳага кўра, қозонхона тўлиқ кўмир ёқилғисига ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу орқали иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришда иқтисодий самарадорликка эришиш, аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор иссиқлик билан таъминлаш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокими лойиҳа таклифларини атрофлича ўрганиб, реконструкция ишларида замонавий технологиялардан фойдаланиш, энергия самарадорлиги ва экологик талабларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Масъулларга ушбу йўналишдаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини пухта ишлаб чиқиш ҳамда уни самарали амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.




