Зиёлиларимизнинг билими, тажрибаси ва ташаббуслари биз учун муҳим
2026-11-12 14:00:00 / Янгиликлар

Анжуманда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда бошланган янги юксалиш даври, бу жараёнларда зиёлиларнинг ўрни ҳақида тўхталди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда муҳтарам Президентимиз «Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади», дея таъкидлаб, юксалишни халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги билан барпо этишимизни айтиб, инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастурни белгилаб берилгани таъкидланди.
Билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва узоқ умр кўриши учун шароит яратиш, иқтисодиётни юқори технологиялар асосида ривожлантириш, сув ва табиатга муносабатни ўзгартириш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, маҳалланинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш йўлидаги асосий вазифалар хусусида сўз юритилди.
Вилоят ҳокими мазкур вазифаларни амалга оширишда зиёлиларнинг билим ва тажрибаси, ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди. Фарғонанинг бой илмий-маърифий мероси, Аҳмад ал-Фарғоний каби буюк алломалар қолдирган мактабни давом эттириш, ҳудуд тараққиётига хизмат қиладиган янги ғояларни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.
-Мамлакатимиз, ҳудудимиз тараққиётига хизмат қиладиган таклифларни илгари суришимиз керак. Ҳар бир зиёлининг фикри юксак қадр-қимматга эга, — деди Хайрулло Бозоров.
Шунингдек, халқаро майдонда кузатилаётган
мураккаб вазиятлар шароитда юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, "Инсон қадри учун" тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш олдидаги асосий вазифа вилоят зиёлиларининг салоҳиятини Фарғона тараққиёти учун долзарб масалалар ечимига йўналтириш, пухта таклиф ва ташаббусларни республика босқичига олиб чиқишдан иборат экани қайд этилди.
Вилоят ҳокими анжуман иши самарали ва муваффақиятли бўлишига ишонч билдирди.




