АҚШ компанияси билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
2026-11-10 20:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда америкалик инвесторлар билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳақида сўз борди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Бу эса америкалик инвесторлар билан ҳудудлар даражасидаги алоқаларни кенгайтириш учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.
Самимий мулоқотда айни жиҳатларга эътибор қаратилди. Меҳмонлар Фарғона инвестициявий салоҳиятини, ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш учун яратилган қулай шарт-шароитларни юқори баҳоладилар.
“AVADirect Custom Computers” компанияси АҚШнинг Огайо штатида жойлашган бўлиб, буюртма асосида юқори унумдор компьютер тизимларини йиғиш ва интеграция қилишга ихтисослашган. У дунёнинг етакчи технологик компаниялари билан ҳамкорлик қилиб, юқори унумдор ҳисоблаш технологияларини ривожлантиришга эътибор қаратади.
Учрашувда компаниянинг вилоятда фаолият олиб бораётган “Pro Team Solutions” МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширишни режалаштираётган лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Фарғонадаги инфратузилма ва инсон капитали орқали “AVADirect”нинг Ўзбекистондаги аутсорсинг улушини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Лойиҳани амалга оширишда маҳаллий мутахассислар салоҳиятидан фойдаланиш имкониятларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, яна қатор АҚШ компаниялари вилоятда иш бошлашга қизиқиш билдираётгани қайд этилди.
Вилоят ҳокими илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ва яқиндан кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Ҳамкорлик йўналишларини аниқ белгилаш бўйича тегишли масъуллар билан ишлар давом эттирилиши таъкидланди.
Келгусидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва амалий қадамлари келишиб олинди.


