Тарихий рекордда фарғоналик пахтакорларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор
2026-11-10 18:40:00 / Янгиликлар

Унда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Сирдарё–Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарлари, соҳа мутахассислари, илғор фермерлар, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Анжуманда жорий йилда аграр соҳада, хусусан, пахтачиликда қўлга киритилган ютуқлар, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Жорий йил Ўзбекистон пахтачилиги тарихида улкан ютуқлар йили бўлди. Мамлакатимизда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси етиштирилиб, тарихий рекорд ўрнатилди. Бу юксак марра Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, соҳага илм-фан ва инновацияларни кенг татбиқ этиш, деҳқон ва фермерлар учун яратилаётган имкониятларнинг амалий самарасидир.
Ушбу тарихий натижага фарғоналик пахтакорлар ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Вилоятда 371,5 минг тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилиб, юксак марра забт этилди. Бунда илғор агротехнологиялар, илмий ёндашув, терим жараёнларини механизациялаш ҳамда фермер ва механизаторларнинг фидокорона меҳнати муҳим аҳамият касб этди.
Жорий йилда вилоят бўйича 72 минг гектар майдонда ғўза парваришланиб, унинг 62 минг гектарига хорижий навли чигитлар экилди. Пахта теримини механизациялаш даражасини ошириш мақсадида Хитойнинг “Swan” компаниясидан 135 та янги пахта териш машинаси харид қилинди. Натижада вилоятдаги терим машиналарининг умумий сони қарийб 300 тага етказилди.
Вилоятда ўртача ҳосилдорлик гектарига 53,5 центнерни ташкил этди. Айниқса, Қўштепа, Бағдод, Бувайда, Қува, Ёзёвон, Олтиариқ ва Тошлоқ туманларидаги илғор фермер хўжаликлари юқори ҳосилдорликка эришиб, бошқаларга намуна бўлдилар.
Матбуот анжуманида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, томчилатиб суғориш тизимларини кенгайтириш, канал ва ариқларни бетонлаштириш орқали сув йўқотилишини камайтириш ҳамда мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, серҳосил хорижий навлар билан бир қаторда маҳаллий ғўза навларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш ва пахтачиликда юқори ҳосилдорликни таъминлашнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритилди.
Илғор фермерлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, юқори ҳосил олишда қўллаган самарали агротехник усуллар, мавсум давомида эришилган натижалар ва амалий тажрибалари ҳақида тўхталдилар.
Матбуот анжуманида журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа масъулларидан батафсил жавоб олдилар.






