Фарғонада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми қизғин давом этмоқда
2026-11-10 12:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда лойиҳа доирасида белгиланган вазифалар, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва экологик муҳитни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган илғор ташаббуслар ҳақида тўҳталиб ўтилди.
Маълумотларга кўра, 2022–2026 йилларда вилоятда 73,4 миллион туп дарахт ва бута кўчати экилди. 140 гектар майдонда “яшил боғлар”, 170 гектарда “яшил жамоат парклари”, 48 гектарда эса “яшил белбоғ”лар ташкил этилди. Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудига иқлим шароитига мос 100 минг тупдан зиёд манзарали кўчат экилди.
Жорий йил баҳор мавсумида 6,6 миллион туп кўчат экилиб, белгиланган режа 117 фоизга бажарилди.
Кузги мавсумда Президентимизнинг тегишли фармони ижроси доирасида вилоят бўйича 11,1 млн туп мевали дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган. Жумладан, Қўштепа туманида 672,7 минг туп кўчат экилади. Бунда маҳаллалар, аҳоли томорқалари, фермер хўжаликлари, ижтимоий соҳа муассасалари ва йўл бўйларини кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вилоят бўйича 102 та кўчат ярмаркаси ва савдо нуқтасини ташкил этиш ҳам белгиланган.
Тадбирда сўз олган нуронийлар ҳам яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларни асраб-авайлаш ва келажак авлод учун соғлом экологик муҳит яратишнинг аҳамиятини таъкидладилар.
Дуолар қилиниб, бошланаётган эзгу ишларга барака ва муваффақият тиладилар.
Тадбир доирасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига (Green University) доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ҳудудда дендрология ва ботаника боғини ташкил этиш ишларига киришилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми барча ҳудудларда қизғин давом этмоқда.









