Данғаранинг чекка маҳалласида замонавий футбол стадиони фойдаланишга топширилди
2026-11-07 21:15:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими тадбир иштирокчиларини янги стадионнинг фойдаланишга топширилиши билан самимий табриклади.
— Бугун мамлакатимизда футболни ривожлантириш учун Президентимиз томонидан жуда катта имкониятлар яратилмоқда. Қувонарлиси, бу эзгу ишларга фарғоналик футболсевар тадбиркорларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Улуғбек Ёдгоровнинг ташаббусини алоҳида фахр билан тилга олсак арзийди. Данғарадан бошланган Ҳаваскорлар лигаси бугун бутун вилоятимиз бўйлаб оммалашди. Мана, тадбиркоримиз томонидан чекка Аравон маҳалласида ҳам ҳавас қилса арзийдиган, барча шароитларга эга замонавий стадион бунёд этилди. Бунинг ортида футболга бўлган меҳр, ёшлар келажагига эътибор, энг муҳими, эл-юртга наф келтиришдек эзгу ният мужассам. Бундай ташаббуслардан халқимиз ютади, маҳаллаларимиз обод бўлади, ёшларимиз спортга ошно бўлади. Ишонаманки, эртага айнан мана шундай маҳалла майдонларидан катта футболга кириб келадиган, Фарғона ва Ўзбекистон шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодли футболчилар етишиб чиқади, — деди вилоят ҳокими.
Вилоят раҳбари футбол ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани, ёшлар учун замонавий спорт инфратузилмасини яратишдаги ташаббускорлиги учун тадбиркор Улуғбек Ёдгоров ва унинг сафдошларига самимий миннатдорлик билдирди. Бундай хайрли ташаббусларни бошқа ҳудудларда ҳам кенг қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Янги стадион 2500 нафар томошабинга мўлжалланган бўлиб, унда футбол учрашувларини ўтказиш, спортчилар ва мухлислар учун барча зарур шароитлар яратилган. Тадбиркор томонидан мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, келгусида ҳудудда замонавий спорт мажмуасини барпо этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Тантанали тадбир давомида республика ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган данғаралик спортчилар муносиб тақдирланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Маълумотларга кўра, “Ҳаваскорлар лигаси” чемпионатининг саралаш босқичида вилоятнинг турли ҳудудларидан 95 та жамоа иштирок этиб, ўзаро куч синашди. Финал баҳсларида юқори натижаларга эришган 25 та жамоа чемпионлик учун курашни давом эттиради.
Тантанали маросимда “Аравон” стадиони расман фойдаланишга топширилиб, “Ҳаваскорлар лигаси” чемпионатининг навбатдаги учрашувларига старт берилди.
Янги стадиондаги илк футбол учрашувида Данғара туманининг “Сойшилдир” ҳамда Қўқон шаҳрининг “Афғонбоғ” маҳаллалари жамоалари ўзаро куч синашди. Учрашувни таниқли футбол шарҳловчиси Мирзакарим Тўхтамирзаев шарҳлаб борди. Қизғин ва дўстона руҳда кечган баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.









