Фарғонада замонавий клиникалар кўпаймоқда
2026-11-07 14:20:00 / Янгиликлар

Умумий қиймати 20 миллион доллар бўлган мазкур хусусий тиббиёт муассасаси жорий йилнинг сентябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган. Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган клиникада мураккаб касалликларни ташхислаш, даволаш ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш имкониятлари яратилган.
Айниқса, клиникада роботлаштирилган технологиялар ёрдамида бўғим касалликлари бўйича мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани эътиборга молик. Бундай илғор тиббий технологияларнинг жорий этилиши беморларга замонавий усулларда даволаниш имконини бермоқда.
Шунингдек, тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш мақсадида Германия ва бошқа хорижий давлатлардан малакали шифокорлар жалб этилмоқда. Бу эса маҳаллий мутахассисларнинг хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиши, замонавий даволаш усулларини ўзлаштиришига хизмат қилмоқда.
Клиникада 50 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 100 нафаргача беморга тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.
Вилоят ҳокими клиникадаги даволаш ва жарроҳлик бўлимларини кўздан кечириб, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди. Уларни Тиббиёт ходимлари куни билан табриклади.









