Фарғона ва Швейцария ҳамкорлиги янги босқичга олиб чиқилади
2026-11-05 20:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Элчи Симон Гигер Фарғонанинг бетакрор табиати, гўзал манзаралари, бой ҳунармандчилик анъаналари, маданий ҳаёти ва иқтисодий салоҳияти унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Мулоқотда вилоятнинг “Fitch Ratings” ва “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентликлари томонидан баҳолангани ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот экспорти, фармацевтика, саноат, тўқимачилик ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш, Швейцария компанияларини ва инвестицияларни вилоятга фаол жалб этиш ҳамда ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтириш ва мулоқотларни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Фарғона вилоятида Швейцария капитали иштирокидаги 6 та корхона фаолият юритмоқда. 2026 йилда Швейцария билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари доирасида 35 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган. Шунингдек, ўзаро савдо айланмаси 2,1 миллион долларни ташкил этган.



