Ёшлар замонавий касб ва хорижий тилларни ўрганмоқда
2026-11-05 19:55:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими замонавий жиҳозланган синф ва ўқув устахоналарини кўздан кечирди ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мулоқотда ёшлар эришаётган ютуқлари ва келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб берди.Техникум ўқувчиси Нодирбек Мирҳўжаев тил ўрганиб, Англияда жойлашган, дунёнинг энг яхши 100 та олий таълим муассасаси қаторига кирувчи университетга ўқишга қабул қилинганлиги алоҳида эътироф этилди. Хайрулло Бозоров илм олиш, хорижий тилларни билиш ва замонавий касбларни пухта эгаллаш ёшларнинг келажакда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Айни пайтда техникумда 1 065 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 300 нафари Буюк Британиянинг «Pearson» компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган халқаро таълим дастури бўйича учта йўналишда ўқимоқда. BTEC дастури доирасида назарий дарслар амалий машғулотлар билан уйғун олиб борилади. Шу кунга қадар техникумнинг 72 нафар ўқувчиси инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификат олди.
Техникумга 9-синф битирувчилари орасидан компьютер графикаси ва дизайн оператори, электромонтёр, пайвандловчи ҳамда металлга ишлов бериш йўналишлари бўйича жами 736 нафар ўқувчи қабул қилинган.
Ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш жараёнида амалий тажриба орттириши учун «Фарғонаазот» АЖ, Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳамда Сирдарё–Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармалари билан дуал таълим йўлга қўйилган. Бу тажриба битирувчиларнинг маҳаллий ва хорижий меҳнат бозорида ўз касби бўйича ишлаш имкониятларини кенгайтиради.
Техникумда Германиянинг «telc» тизими бўйича тил имтиҳонлари маркази ҳам очилди. Марказда ўқувчилар ва бошқа талабгорлар имтиҳон топшириб, хорижий тилни билиш даражасини халқаро мезонлар асосида баҳолатиш имконига эга бўлади.
Бу ерда ёшлар замонавий касблар ва инглиз, немис тилларини ўрганиб, ривожланган давлатларда ишлаш имконига эга бўлишмоқда.
Ёшлар ишлари бошқармаси Фарғона шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда техникумда ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўргатиш курсларини ташкил этиш ҳамда уларни Европа мамлакатларига ишга юбориш бўйича ишлар бошланаётганини маълум қилди.
Вилоят раҳбари бу ердаги имкониятлардан фойдаланган ҳолда халқаро таълим дастурларига ёшларни кенгроқ жалб этиш, шу орқали уларни юқори даромадли иш билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, техникумнинг ўқув устахоналаридаги жараён билан танишилди.









